Бухоро вилоятида терговчилар ва ёш мутахассислар учун эксперт-криминалистика бўйича ўқув семинари ўтказилди
2026-10-21 10:20:00 / Янгиликлар

Бухоро вилояти ИИБ Эксперт-криминалистика марказида прокуратура органларининг терговчилари, иш ўрганувчилари ва ёш мутахассислари иштирокида махсус ўқув семинари ташкил этилди.
Тадбир давомида иштирокчиларга марказнинг замонавий имкониятлари, эксперт-криминалистлар фаолиятининг асосий йўналишлари ҳамда экспертиза турлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, ушбу тадқиқотларнинг жиноятларни фош этиш ва тергов ҳаракатларини самарали ташкил этишдаги муҳим аҳамияти тушунтирилди.
Семинар доирасида «Форд Трансит» русумли кўчма криминалистик лабораторияси намойиш этилиб, иштирокчилар ҳодиса жойида далилларни аниқлаш, қайд этиш, олиш ва сақлашда қўлланиладиган замонавий техник воситалар ҳамда махсус ускуналар билан яқиндан таништирилди.
Машғулотлар жараёнида мутахассислар билан ҳамкорликда иш олиб бориш, далилларни холис ва илмий асосда текширилишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур тадбир тергов органлари ва эксперт-криминалистика хизмати ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга, ходимларнинг касбий билим ҳамда кўникмаларини оширишга, шунингдек, жиноятларни фош этишда замонавий криминалистик имкониятлардан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









