«Қорақалпоғистон» посёлкаси: Чекка ҳудуднинг катта масъулияти
2026-10-21 03:25:00 / Янгиликлар

Мамлакатимиз шимолидаги энг чекка ҳудудлардан бири «Қорақалпоғистон» посёлкаси Қўнғирот тумани марказидан 320 километр, пойтахт Нукусдан эса тахминан 460 километр узоқда жойлашган.
Устюрт кенгликларидаги ушбу заминнинг бетакрор табиати ва чегараолди жойлашуви унинг аҳолиси зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Чунки мазкур ҳудуд Қозоғистон ва Туркманистон билан чегарадош бўлиб, бу ердаги «Дауит ата» чегара автопости ҳам ҳудуднинг стратегик аҳамиятини белгилаб туради.
«Қорақалпоғистон» посёлка фуқаролар йиғини 1969 йилда ташкил этилган, ер майдони 128,7 гектарга тенг. Бугунги кунда посёлкада 762 та хонадон бўлиб, уларда 3100 дан ортиқ аҳоли - қозоқ, қорақалпоқ, ўзбек, татар, рус ва корейс миллатига мансуб фуқаролар аҳил-иноқ, тинч-тотув ҳаёт кечириб келмоқда.
- Албатта, бундай олис масофада яшовчи аҳоли учун кундалик ҳаёт, ижтимоий хизматлар ва инфратузилмани ривожлантириш масалалари жуда муҳим, - дейди ПФЙ раиси Қутли Қошимбетова. - 2018 йилда ҳудудимиз «Обод қишлоқ» давлат дастурига киритилиб, қурилиш ва реконструкция ишлари натижасида жуда катта ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, иккита мактабгача таълим ташкилоти, иккита умумтаълим мактаби, оилавий поликлиника, маданият саройи, «Бердақ бобо» масжиди замонавий таъмирланиб, янги жиҳозлар билан таъминланди. Шунингдек, жорий йилда ҳудудда туғуруқхона фойдаланишга топширилгани аҳоли учун яратилган катта қулайликлардан бири бўлди. Бундан ташқари, бу ердаги компрессор станцияси ва темирйўл корхонаси аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилиб келмоқда.
Чегараолди ҳудудида жойлашган ҳар қандай масканда жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш алоҳида эътиборни талаб этади. Сабаби, кенг даштлар ва аҳоли пунктларининг бир-биридан узоқлиги вазифаларнинг масъулиятини янада оширади.
«Қорақалпоғистон» ПФЙ ҳудудида Қўнғирот тумани ички ишлар бўлими 3-сонли ИИБ фаолият юритади. Унинг ходимлари зиммаларига юклатилган муҳим вазифаларнинг уддасидан чиқиб келмоқда. Тинчлик ва осойишталик эса нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти, балки аҳолининг ҳамжиҳатлиги, қонунларга ҳурмати ва жамоатчиликнинг фаоллиги билан ҳам мустаҳкамланиб боради.
- Жорий йилда профилактика инспектори томонидан ҳуқуқбузарликлар юзасидан 150 га яқин ҳолат юзасидан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган бўлса, ҳудудда биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади, - дейди 3-сонли ИИБ бошлиғи, майор Артур Даужанов. Тегишли идоралар, фаоллар билан ҳамкорликдаги ишларимиз натижасида ҳудуд деярли уч йилдан буён «яшил» тоифада бўлиб келмоқда. Ўрнатилган видеокузатув камераси бу жойлардаги ҳолатни реал кузатиб бориш имконини бермоқда. Шунингдек, режа асосида ходимларимиз Миллий гвардия, Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда аҳоли орасида профилактик тарғибот тадбирларини ўтказиб келади.
Дарҳақиқат, Устюртнинг олис кенгликларида осойишта ҳаётни таъминлаш катта масъулият ва фидойилик талаб этади. Бу йўлда ҳуқуқ-тартибот посбонларининг ҳушёрлиги, аҳоли билан ҳамжиҳатлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари Ватанга садоқатнинг амалий ифодасидир.
Азамат ПИРНИЯЗОВ
