Фарғонада вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича профилактика инспекторлари учун семинар-тренинг ўтказилди
2026-10-20 16:45:00 / Янгиликлар

Ҳар бир боланинг қалбига йўл топиш, унинг хулқ-атворидаги ўзгаришларни ўз вақтида англаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш катта масъулият ва касбий маҳорат талаб этади.
Фарғона вилояти ИИБда вояга етмаганлар масалалари бўйича профилактика инспекторларининг касбий билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Унда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати болалар муассасалари фаолиятини психологик кузатиш бўлинмаси мутахассис-психологлари иштирок этиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Семинарда болалар ва уларнинг оилалари билан профилактик ишларни самарали ташкил этиш, мавжуд муаммоларга ечим топиш ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган вояга етмаганлар билан индивидуал ишлаш усуллари муҳокама қилинди.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати




