Жиззахда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва ёқилғи таъминоти масалалари ўрганилди
2026-10-20 16:40:00 / Янгиликлар

Жиззах вилояти ҳокимлигида куз-қиш мавсумида аҳолини ёқилғи маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ҳамда бу борадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда вилоят ҳокими ўринбосари Шуҳрат Жўраев ҳамда вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров иштирок этди.
Йиғилишда аҳолини суюлтирилган газ ва кўмир маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, маҳсулотларнинг адолатли тақсимланиши, иссиқлик таъминоти барқарорлигини сақлаш ҳамда мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ёқилғи маҳсулотларининг талон-торож қилиниши, ҳисобдан яширилиши ва ноқонуний сотилишига қарши курашиш чораларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, вилоят ИИБ бошлиғи томонидан Арнасой туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилиб, ҳудуд масъуллари билан ёқилғи таъминотини барқарор ташкил этиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Якунда таъминотда узилишларга, нархларнинг асоссиз оширилишига ҳамда ёқилғи маҳсулотлари билан боғлиқ қонунбузилишларга йўл қўймаслик, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати









