Олий талим муассасаларида. Профилактик кўприк
2026-10-19 23:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиалида таниш манзара: кимдир имтиҳонга тайёрланяпти, яна кимдир илмий изланиш билан банд. Бу ердаги осойишталик ортида ички ишлар формасини кийган икки нафар ходимнинг ҳам заҳматли меҳнати бор, албатта. Улар талабалар билан мулоқот қилишади, зарур бўлса, ота-онаси билан боғланади. Психолог билан ҳамкорлик қилади.
Жиззах шаҳар ИИБ ёшлар масалалари бўйича профилактика инспекторлари, майор Бобур Раджабов ва катта лейтенант Камола Қиличевалар 2022 йилда ушбу таълим даргоҳида инспектор сифатида иш бошлашган. Тинимсиз профилактика ва ҳамкорликдаги амалий таъсир чоралари ўз натижасини берди: сўнгги икки йилда филиал жиноятдан холи таълим масканига айланди. Бунга қандай эришилди?
- Талабалар шартли равишда «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратилди, - дейди майор Бобур Раджабов. - Хулқ-атвори, ўқиши ёки ҳаракатларида салбий ўзгариш кузатилган талабалар «қизил» тоифа рўйхатига киритилиб, доимий назоратга олинмоқда. Айни пайтда «қизил» тоифадаги талабалар сони 18 нафар бўлиб, улар билан кундалик мулоқот ўрнатилди.
Кимлар билан истиқомат қилаётгани, қўшнилари, оилавий муҳити ва турмуш шароитигача эътибор қаратилди. Хулқини тузатиш учун ҳатто жазони ижро этиш муассасаларига олиб борилиб, жиноятнинг оқибатлари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Албатта, иш жараёнида профилактика инспекторлари ёлғиз эмас. Улар психологлар, хотин-қизлар масалалари бўйича директор ўринбосари, кура-торлар, тюторлар, университет масъуллари ва ота-оналар билан ҳамкорлик қилишмоқда.
Катта лейтенант Камола Қиличеванинг айтишича таълим масканида 5000 нафардан ортиқ талаба бўлиб, уларнинг тўртдан бир қисми ижара уйда, 240 нафари муассаса ётоқ-хонасида яшайди.
Ходимларнинг хизмат хонаси ҳам ётоқхонада жойлашган. Бу талаблардан мурожаат ёки муаммо бўлса, масалани тезкор ўрганиш имконини беради. Тез орада «Олмазор тажрибаси» асосида SOS тугмалари ўрнатилиши ва ётоқхонани қўриқловга олиш белгиланган.
Шунингдек, «Хавфсиз талаба» дастурини ишга тушириш ва уни «Қалқон» платформасига интеграция қилиш режалаштирилган. Рақамлаштириш фаолиятимиз сифатини янада оширади.
Олий таълим муассасаларидаги профилактика инспекторлари фаолиятининг ўзига хослиги шундаки, улар бир вақтнинг ўзида таълим муҳити, талабаларнинг ижтимоий ҳаёти ва ҳуқуқ-тартибот тизими кесишган нуқтада ишлайди.
Шунинг учун бу лавозимни муаммони эшитиш, ишончга кириш, хавфни олдиндан кўриш ва зарур пайтда инсон тақдирини ўзгартиришга ҳаракат қилиш вазифаси деб тушунмоқ керак.
© «Postda» газетаси, Муқаддас Сапарова, Жиззах вилояти.
