Андижон вилоятида Қўриқлаш хизмати фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди
2026-10-19 09:30:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 17 октябрь куни Андижон вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Абдумажид Шермухамедовнинг Қўриқлаш хизмати ходимлари билан учрашув-мулоқоти бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида жорий йилнинг 16 октябрь куни Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар, белгиланган устувор вазифалар ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан берилган топшириқлар шахсий таркибга атрофлича етказилди.
Бунда ҳар бир йўналиш бўйича белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, хизмат фаолиятида натижадорликни ошириш ҳамда ходимларнинг шахсий масъулиятини кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Хусусан, аҳолини кибержиноятлардан ҳимоя қилиш, фуқароларнинг шахсий маълумотлари ва молиявий хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган "APK Qoʻriqchi" мобил иловасидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ходимларга мазкур илованинг имкониятларини аҳолига содда ва тушунарли тарзда етказиш кераклиги, шунингдек, кибержиноятларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ишларини янада кучайтириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Шу билан бирга, Қўриқлаш хизмати ходимларининг самарали фаолият олиб бориши учун яратилган шарт-шароитлар, уларни қийнаётган масалалар ва мавжуд камчиликлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Ходимларнинг фикр ва таклифларини ўрганиш, уларнинг хизмат фаолияти давомида дуч келаётган муаммоларини ҳал этиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда хизмат шароитларини янада яхшилаш юзасидан масъул раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди.
Учрашувда хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш масалалари ҳам танқидий нуқтайи назардан кўриб чиқилди. Ҳар бир ходимнинг хизмат вазифасига масъулият билан ёндашиши, ички тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиши, Вазирлик раҳбарияти томонидан белгиланган вазифа ва топшириқлар ижросини сўзсиз таъминлаши лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, хизмат жараёнида талабчанлик, ҳушёрлик ва шахсий масъулиятни янада ошириш, ҳар қандай ҳолатда қонунийлик тамойилларига амал қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Бошқарма бошлиғи, полковник Абдумажид Шермухамедов ходимлар билан мулоқотда ички ишлар органлари фаолиятининг асосий мезони халқ манфаатларига хизмат қилиш, фуқароларнинг ишончини оқлаш ва уларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат эканини алоҳида таъкидлади.
Ҳар бир ходим ўз касбига садоқатли бўлиши, зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажариши, фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала ва адолатли бўлиши, шу орқали халқчил ички ишлар органи ходими сифатида намуна кўрсатиши зарурлиги уқтирилди.
Тадбир давомида хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб, белгиланган йўналишларда муносиб натижаларга эришаётган ходимларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, бир гуруҳ ходимларга навбатдаги махсус унвонлар тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, хизмат вазифасига виждонан ёндашиб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳамкасбларига намуна бўлиш борасида алоҳида фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ ходимлар бошқарма бошлиғининг ташаккурномалари ва пул мукофотлари билан тақдирландилар.
Ушбу учрашув Қўриқлаш хизмати фаолиятидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, ходимлар масъулиятини янада ошириш ва белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этишга қаратилди.
Зеро, фуқароларнинг мол-мулки ва осойишталигини ишончли ҳимоя қилиш, қонунийликка қатъий амал қилиш ҳамда халқ ишончини оқлаш ҳар бир қўриқлаш хизмати ходимининг кундалик фаолиятида устувор вазифа бўлиб қолади.
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш Департаменти Ахборот хизмати






