Тошкент шаҳар ИИББда 9 ойлик фаолият сарҳисоб қилиниб, келгуси вазифалар белгилаб олинди
2026-10-19 09:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 9 ойи давомида пойтахтда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда йилнинг тўртинчи чорагида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ҳамда тегишли масъуллар иштирок этди. Йиғилишда пойтахтда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллаларда осойишта муҳитни шакллантириш, жиноятчиликка таъсир этувчи омилларни бартараф этиш ҳамда ҳар бир ҳудуддаги криминоген вазиятдан келиб чиқиб манзилли профилактик чораларни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Ҳисобот даврида пойтахт ҳудудида қайд этилган жиноятлар таркиби таҳлил қилиниб, айрим йўналишларда ижобий натижаларга эришилгани билан бирга, жиддий эътибор талаб этадиган ҳолатлар ҳам мавжудлиги қайд этилди.
Хусусан, 9 ой давомида 4 871 та жиноятлар бевосита ички ишлар органлари ходимлари ташаббуси билан аниқланиб, жиноят учун жавобгарлик муқаррарлиги принципи таъминланди.
Олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сони 16,1 фоизга камайган бўлсада, манзилли ишлаш тизими жадаллаштирилганида, бу кўрсаткич янада яхшироқ бўлиши мумкинлиги қайд этилди.
Ҳисобот даврида тергов ва суд идораларидан қочиб юриб, қидирувда бўлган 1 690 нафар шахс ушланиб, жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминланди.
Йил бошидан буён бошқа вилоятлардан пойтахтга келиб, назоратсиз юрган пробация ҳисобидаги 185 нафар шахс аниқланиб, белгиланган тартибда яшаш жойларига қайтарилган.
Мазкур йўналишда маҳалла еттилиги, ҳокимликлар, прокуратура органлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш, муаммоли тоифадаги шахсларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш ҳамда такрорий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича манзилли ишларни давом эттириш вазифалари белгилаб олинди.
Бугунги кунда ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг рақамли хавфсизлигини таъминлаш ва уларни интернетдаги фирибгарликлардан ҳимоя қилиш ички ишлар органлари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ҳисобот даврида содир этилган жиноятларнинг 51 фоизидан ортиғи ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар бўлиб, ушбу кўрсаткич 3,4 фоизга камайишига эришилган.
Лекин бу ҳали кутилган натижа эмаслиги таъкидланди. Кибержиноятчиликка қарши курашишда фақат тезкор чоралар билан чекланиб қолмасдан, аҳолини орасида профилактик тушунтириш ишларини кенгайтиришга алоҳида аҳамият берилмоқда.
Шу мақсадда пойтахт бўйича 40 541 та тарғибот учрашуви ўтказилиб, оммавий ахборот воситаларида 1 214 та чиқиш ташкил этилган ва 1 690 671 та тарғибот материали тарқатилган.
Шунингдек, аҳоли, жумладан, кекса ёшдаги фуқаролар ўртасида профилактик тадбирлар ўтказилиб, «APK Qo‘riqchi» мобил иловасини ўрнатиш ва ундан фойдаланиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилган.
Йиғилишда мазкур йўналишда профилактика тадбирларининг самарадорлигини ошириш, аҳолининг киберхавфсизликка оид билимларини мустаҳкамлаш ва замонавий фирибгарлик усуллари ҳақида мунтазам огоҳлантириб бориш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва ҳаракат иштирокчилари ўртасида масъулиятни ошириш борасида амалга оширилган ишлар ҳам кўриб чиқилди. 2026 йилнинг 9 ойи давомида пойтахт ҳудудида жами 458 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилиб, уларнинг сони 45,1 фоизга камайишига эришилган.
Эришилган натижаларни мустаҳкамлаш, йўлларда хавфсизлик талабларига риоя этилишини назорат қилиш, ҳайдовчилар ва пиёдалар ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш ҳамда йўл-транспорт ҳодисалари кўп содир бўладиган ҳудудларда профилактик чораларни манзилли ташкил этиш лозимлиги қайд этилди.
Йиғилиш якунида ҳисобот давридаги натижалар билан бир қаторда, йўл қўйилган камчиликлар ҳам танқидий муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича масъул раҳбарларга аниқ вазифалар юклатилди.
Ҳар бир ҳудуддаги криминоген вазиятни чуқур таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларга юзаки эмас, балки тизимли ечим топиш, фуқаролар мурожаатларига ўз вақтида муносабат билдириш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлашга қаратилган ишларни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Масъул раҳбарларга белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш, ҳар бир кўрсаткич бўйича амалий натижага эришиш ҳамда пойтахтда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасидаги фаолият самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати






