“Оқлов” — ички ишлар ходими қалбида миллий ғурур ва садоқат, адолат ва виждон масъулиятини уйғунлаштирган ҳаётий саҳна асари
2026-10-19 08:25:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон давлат драма театрида ички ишлар органлари ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан “Оқлов” спектаклининг премьераси бўлиб ўтди. Унда ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Саттаров бошчилигида ходимлар ва уларнинг оила аъзолари, академия курсантлари ҳамда бўлажак ходимлар иштирок этди.
Ислом Ҳамро асари асосида Ички ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон давлат драма театри ҳамкорлигида саҳналаштирилган спектаклда инсон тақдири, ноҳақ айбловнинг оғир оқибатлари ҳамда адолатни қарор топтириш масалалари бадиий талқин этилган.
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар мазмуни саҳна асарида ўз аксини топган. Бош қаҳрамоннинг мураккаб ҳаёт йўли, ҳақиқат учун кураши ва руҳий кечинмалари томошабинларни инсон шаъни, виждон ва масъулият ҳақида мушоҳада юритишга ундайди.
Спектаклда кўтарилган масалалар ички ишлар органлари ходимларининг кундалик фаолияти билан бевосита боғлиқ. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини унутмаслик, вазиятга холис ёндашиш ва қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш асарнинг асосий ғоялари сифатида намоён бўлади.
Қаҳрамонларнинг танлови ва хатти-ҳаракатлари орқали ҳалоллик, мардлик ҳамда хизмат бурчига садоқат фазилатлари ёритилган. Бу, айниқса, бўлажак ходимларнинг танлаган касби масъулиятини чуқурроқ англаши, инсон тақдирига дахлдор ҳар бир қарорга виждонан ёндашишида муҳим тарбиявий аҳамиятга эга.
“Оқлов” миллий ғурур ва садоқат инсон қадрини асраш, адолатни ҳимоя қилиш ва хизмат бурчини ҳалол адо этишда намоён бўлишини эслатади. Зеро, инсонпарварлик ҳар бир ходим учун нафақат касбий талаб, балки виждон амри бўлиши лозим.





