Фахрийлар — фахримиз. Устоз ибрати
2026-10-18 17:45:00 / Янгиликлар

Юзидан нур ёғилиб турган бу инсонни қоракўлликлар яхши танишади, ҳурмат қилишади. Истеъфодаги майор Бўрон Ҳасанов узоқ йиллар ички ишлар органларида самарали фаолият кўрсатиб, эл орасида обрў-эътибор қозонган фахрийлардан.
У билан суҳбатлашарканман, ички ишлар органларида хизмат қилишнинг шарафли ва масъулиятли жиҳатлари, одамлар билан муомала маданияти, касбга садоқат ва Ватанга муҳаббат ҳақида кўп нарсани англадим. Ҳамон тетик, ғайратли ва меҳнатсевар бу инсоннинг саксон ёш остонасида турганига ишониш қийин.
- Меҳнат инсонни яшартиради, - дейди Бўрон бобо. - 1992 йилда пенсияга чиққан бўлсамда, бир кун ҳам бекор ўтирмадим. Турмуш ўртоғим Муҳаббатхон билан беш ўғил, беш қизни вояга етказиб, ўқитишнинг ўзи бўлмади. Деҳқончилик қилдим, чорва боқдим, асаларичилик билан шуғулландим, ҳатто киракашлик ҳам қилдим. Меҳнатнинг айби йўқ. Ҳозир ҳам қорамолларим бор, асаларичилик қиламан, ҳовлидаги дарахтларга шакл бераман. Қисқаси, қимирлаб-қимирлаб қир ошяпманда!
Бўрон бобонинг ички ишлар тизимидаги меҳнат фаолияти 1970 йилда бошланган. Ҳарбий хизматдан қайтгач, туман ИИБ биноси олдидаги Ёнғинга қарши кураш кўнгиллилар жамиятида ҳайдовчи бўлиб ишлаган. Ички ишлар ходимларининг хизматини кузатиб, уларнинг касбига қизиқиши ортиб борган. Кўп ўтмай, туман ИИБ бошлиғи Салим Бибудов уни ишга таклиф этади. Бу Бўрон Ҳасанов учун айни муддао бўлди.
У хизматини конвой автомашинаси ҳайдовчиси сифатида бошлаб, навбатчилик қисмида мурожаатлар ва содир этилган жиноятларни қайд этиш, тезкор-тергов гуруҳларини воқеа жойига юбориш ишларида қатнашади. Бир йилдан сўнг темирйўл станциясида участка нозири ёрдамчиси лавозимига ўтказилади. Бу ерда катта лейтенант Карим Иргашев билан елкама-елка ишлаб, касб сирларини ўрганади. Ўша даврда темирйўл станцияси жиноятчилик кўп учрайдиган ҳудудлардан бири эди. Турли ҳудудлардан келган одамлар оқими, жиноятларнинг кўплиги ходимлардан кечаю кундуз сергакликни талаб қиларди. Бўрон Ҳасанов устози Карим ака билан профилактик тадбирларни кучайтириб, жиноятчиликнинг олдини олишга муносиб ҳисса қўшади. Шу билан бирга, ИИВ Тошкент ўрта махсус мактабида ўқиб, лейтенант унвонини олади. Кейинчалик туман ИИБ Жамоат тартибини сақлаш бош инспектори лавозимига,1987 йилда эса ДАН бошлиғи этиб тайинланади. Орадан икки йил ўтиб, туман ИИБда хизмат бўйича ўринбосар лавозими жорий этилади ва унга шу масъулиятли вазифа ишониб топширилади. У пенсияга чиққунига қадар мазкур лавозимда фаолият юритади.
Бўрон бобонинг ҳаётдаги энг катта бойлиги - оиласи, фарзандлари, набиралари, дўстлари ва шогирдлари. У кўп йиллик хизмати давомида кўплаб ёш ходимларга устозлик қилди. Истеъфодаги подполковниклар Отаназар ва Шоназар Однаевлар, Саидумар Пўлатов, истеъфодаги капитан Комил Иргашев, истеъфодаги старшина Шавкат Ҳайитов каби шогирдлари шулар жумласидан. Бундан ташқари, қоракўллик ички ишлар органлари ходимларининг барчаси бу кўпни кўрган фахрийнинг насиҳату маслаҳатларига амал қилиб келмоқда.
- Бугунги осойишталик посбонларига ҳавас билан қарайман. Биз хизмат қилган даврда бундай шарт-шароитлар, замонавий техника воситалари, компьютерлар ва қулай хизмат хоналари йўқ эди. Буларнинг барчаси мустақиллигимиз, давлатимиз ғамхўрлиги ва ислоҳотлар самарасидир, - дейди Бўрон бобо.
Фахрийнинг ёш ходимларга насиҳати эса оддий, аммо ҳаётий:
- Ҳалол ишланг, фуқаролар билан хушмуомала бўлинг, формангизга доғ туширманг. Энг муҳими, сабрли бўлинг. Ана шуларга амал қилсангиз, биздан ҳам юқори натижаларга эриша оласиз.
Мирзоқул Аҳадов, ўз мухбиримиз
Бухоро вилояти
