Инсон қадри улуғ. Умид ва имконият сари
2026-10-17 20:20:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига кўра Сурхондарё вилоятида 92 нафар шахс афв этилди. Уларнинг 50 нафари жазодан тўлиқ озод қилинган бўлса, 22 нафари муддатидан илгари шартли равишда озод этилди, 5 нафарига тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси эса ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилди.
Айни пайтда вилоятда афв этилган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, вилоят ҳокими ўринбосари А.Абдураҳмонов, вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, полковник Ж.Авазов ва вилоят прокурори ўринбосари И.Хўжамуродов ушбу фуқаролар билан учрашиб, уларнинг турмуш шароити, мавжуд муаммоларини ўргандилар.
Вилоятда жазодан озод этилган шахсларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши ва қайта ҳуқуқбузарлик содир этишининг олдини олиш мақсадида манзилли профилактик чора-тадбирлар йўлга қўйилган. Жумладан, жазодан тўлиқ озод қилинган 50 нафар шахс профилактик ҳисобга, қолганлари эса пробация ҳисобига олинди. Уларнинг жамиятга қайта уйғунлашишига кўмаклашиш учун маҳаллалардаги обрў-эътиборли, ҳаётий тажрибага эга фуқаролар орасидан мураббийлар бириктирилди.
Кўрилган чоралар натижасида ҳозирга қадар афв этилганларнинг 27 нафари иш билан таъминланди. Қолган фуқароларни ҳам ишга жойлаштириш ва тадбиркорликка жалб этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. 2 нафар шахсга ID-карта олишда амалий ёрдам кўрсатилган бўлса, ижтимоий кўмакка муҳтож 58 нафар фуқаро бир марталик моддий ёрдам олиш учун «E-пробация» электрон тизимига киритилди.
©«Postda» газетаси, Феруза РАҲМОНҚУЛОВА, Сурхондарё вилояти.
