Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди
2026-10-17 16:50:00 / Янгиликлар

Мазкур ҳужжат ахборот-таҳлилий фаолият, илмий тадқиқотлар ва кадрлар малакасини ошириш йўналишларида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири — таҳлилий фаолият йўналишидаги кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг касбий салоҳиятини оширишдан иборат. Бу борада қисқа муддатли ўқув курслари, семинар-тренинглар, сайёр машғулотлар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш, мутахассисларни ўқув жараёнига жалб этиш, шунингдек, Олий мактаб тингловчиларининг Бош марказда амалиёт ўташини йўлга қўйиш назарда тутилган.
Томонлар ҳамкорликда ўқув-услубий, илмий ва таҳлилий материалларни тайёрлаш, тадқиқотчиларнинг илмий ишларига кўмаклашиш ҳамда тажрибаларни мунтазам алмашишни режалаштирган.
Белгиланган вазифалар қўшма режа ва дастурлар асосида амалга оширилиб, таълим, илм-фан ва экспертлик амалиётининг ўзаро ҳамкорлиги ва уйғунлигини мустаҳкамлашга, ходимларнинг таҳлилий кўникмалари ва касбий тайёргарлигини ривожлантиришга хизмат қилади.
