Миллий ғурур ва садоқат: ички ишлар органларида “Энг яхши маънавий-маърифий ишлар тарғиботчиси” республика танлови ўтказилди
2026-10-16 20:00:00 / Янгиликлар

Миллий ғурур ва садоқат — Ватанга муҳаббат, халқ манфаатларига фидойилик ва касбий масъулиятнинг юксак ифодасидир. Ушбу эзгу қадриятларни ички ишлар органлари ходимлари онги ва қалбига чуқур сингдириш, уларнинг маънавий-маърифий салоҳиятини юксалтириш ҳамда илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида “Энг яхши маънавий-маърифий ишлар тарғиботчиси” республика танлови ўтказилди.
Абдулла Қодирий номидаги мемориал музейда ташкил этилган танловнинг республика босқичида ҳудудий саралашлардан муваффақиятли ўтган шаҳар ва туман ИИБ бошлиқларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича 14 нафар ўринбосари ўз билим ва маҳоратини намойиш этди.
Иштирокчиларнинг маънавий-маърифий билимлари, давлат бошқаруви соҳасидаги салоҳияти, жисмоний ва жанговар тайёргарлиги, шунингдек, хизмат фаолиятидаги натижалари баҳоланди. Уларнинг шахсий таркиб билан ишлаш тажрибаси, хизмат интизоми, тарғибот фаолияти ва индивидуал ютуқларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Танловнинг якуний тадбирида Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Саттаров иштирок этиб, тизимда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ходимларда ватанпарварлик, миллий ғурур ва касбий фидойилик туйғуларини мустаҳкамлашнинг аҳамиятини таъкидлади.
Хусусан, “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш — олий бурчимиз!” деган концептуал ғояни ҳар бир ходимнинг ҳаётий эътиқодига айлантириш, уларда ўз касбидан ғурурланиш ва ички ишлар органлари сафида хизмат қилаётганидан фахрланиш туйғусини юксалтириш, шахсий таркиб ўртасида соғлом маънавий муҳитни шакллантириш ҳамда хизмат интизомини мустаҳкамлаш устувор вазифалар экани қайд этилди.
Танлов якуний натижаларига кўра, биринчи ўринни Фарғона вилояти Бувайда тумани ИИБдан подполковник Иқболжон Абдуллаев, иккинчи ўринни Тошкент шаҳар ИИББ Чилонзор тумани бўйича ИИО ФМБдан полковник Нумонжон Юнусов, учинчи ўринни эса Сирдарё вилояти Гулистон тумани ИИБдан капитан Хуршид Муқумов эгаллади.
Ғолиб ва совриндорларга тегишли даражадаги дипломлар топширилди. Иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Биринчи ўрин ғолибига эса бир йил давомида ойлик пул таъминотининг 50 фоизи миқдорида пул мукофоти берилиши белгиланди.
Мазкур танлов ички ишлар органларида илғор тажрибаларни кенг ёйиш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда миллий ғурур ва Ватанга садоқатни ҳаётий эътиқодига айлантирган фидойи ходимларни рағбатлантиришга хизмат қилади.









