Наманган вилоятида криминоген вазиятни яхшилаш бўйича амалий чоралар белгиланди
2026-10-16 09:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи, полковник Тимур Исмаилов амалий ташриф билан Наманган вилоятида бўлди.
Ташриф давомида Наманган шаҳридаги Обиҳаёт МФЙ, Поп туманидаги Қўшминор МФЙ, Чуст туманидаги Камарсада МФЙ ҳамда Давлатобод туманидаги Тўқувчи маҳалласида криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича ўрганилди.
Шунингдек, ҳудудларда «маҳалла еттилиги» фаолияти, профилактик тадбирларни самарали ташкил этиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, ички ишлар органлари ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳолати таҳлил қилинди.
Ўрганишлар якунида Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбар ва ходимлари иштирокида вилоят ҳудудида криминоген вазиятни янада яхшилаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш бўйича муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш, профилактик ишларни кучайтириш ҳамда ҳудудларда хавфсиз ва осойишта муҳитни таъминлашга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ ЖХД Ахборот хизмати







