ИИВ раҳбарияти томонидан Андижон вилоятида криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилиб, 9 ой якуни бўйича долзарб вазифалар муҳокама қилинди
2026-10-14 19:05:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 13 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи, полковник Тимур Исмаилов томонидан Андижон вилоятининг туман ва шаҳар ички ишлар бўлинмалари фаолияти жойларга чиққан ҳолда ўрганилди.
Ўрганишларда Президент қарорлари ва ташриф баёнлари, Вазирлик Ҳайъати қарорлари ижроси, шунингдек, аввал берилган топшириқларнинг бажарилиши ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Шаҳрихон, Олтинкўл, Пахтаобод, Жалақудуқ, Хўжаобод туманлари ҳамда Андижон шаҳридаги қатор “қизил” тоифага киритилган маҳаллаларда жиноятларнинг содир этилиш сабаблари, уларга имкон берган шарт-шароитлар ва профилактик ишлар ҳолати ўрганилди.
Айрим маҳаллаларда ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг юқорилиги, ўғирлик содир этилаётган ҳудудларни аниқлаш ва таҳлил қилиш ишлари етарли даражада ташкил этилмагани, жанжалкаш оилалар билан профилактик ишларни жадаллаштирилиши бўйича топшириқлар берилди.
Аҳоли гавжум жойларни қўшимча камералаштириш, мавжуд видеокузатув камераларини “Қалқон” дастури ҳамда тезкор бошқарув марказларига интеграция қилиш бўйича вазифалар белгиланди.
Фуқароларни “АПК-қўриқчи” ва “Менинг инспекторим” мобил иловаларига кенг жалб этиш, профилактика инспекторларининг аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотини кучайтириш чоралари белгиланди.
Жиноятлар ҳақидаги хабарларга профилактика инспекторлари билан биргаликда тезкор чиқишни таъминлаш мақсадида “Тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар” фаолиятини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.
Савдо марказлари, бозорлар ва аҳоли гавжум жойларида хавфсизликни таъминлаш, қўриқлаш хизмати куч ва воситаларидан самарали фойдаланиш, давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларни камералаштириш имкониятларини кенгайтириш вазифалари белгиланди.
Ўрганишлар якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш ҳамда Андижон вилояти ҳудудида криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича Андижон вилояти ИИБ раҳбар ва ходимлари иштирокида муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда ҳар бир ҳудуд кесимида мавжуд муаммоларни бартараф этиш, жиноятларнинг олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва профилактик ишларни кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилиш сўнгида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва аҳоли осойишталигини таъминлашда бошқа ҳамкасбларига алоҳида намуна кўрсатиб келаётган бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлар муносиб тақдирландилар.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати









