ИИВ раҳбарияти томонидан Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасида жорий йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди
2026-10-13 23:15:00 / Янгиликлар

Йиғилишда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи Ойбек Каимходжаев, унинг ўринбосарлари, бошқарманинг соҳавий хизматлари раҳбарлари ва масъул ходимлари, шаҳар-туман ички ишлар органлари бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари иштирок этди. Ҳудудий бўлинмаларнинг бошқа шахсий таркиби эса видеоконференцалоқа тизими орқали йиғилишга уланди.
Йиғилиш кун тартибидан жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ҳудудларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, аҳоли билан манзилли ишлаш, шунингдек, ички ишлар органларида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар натижадорлигини таҳлил қилиш масалалари ўрин олди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Илҳом Тиллаев ахборот берди. Унда ҳисобот даврида амалга оширилган тезкор-қидирув, профилактик ва ташкилий чора-тадбирлар, уларнинг самарадорлиги, шунингдек, фаолиятнинг айрим йўналишларида кузатилган камчиликлар ҳамда уларнинг келиб чиқиш сабаблари атрофлича таҳлил қилинди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ишни самарали ташкил қилиш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда фаолиятида камчиликларга йўл қўйган соҳавий хизматлар ва ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарларининг ҳисоботлари ҳам тингланди. Ҳар бир йўналиш бўйича мавжуд муаммолар, уларнинг сабаблари ва бартараф этиш чоралари муҳокама қилиниб, масъул раҳбарларга аниқ вазифалар юклатилди. Бунда, айниқса, хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш, шунингдек, профилактик ишларнинг таъсирчанлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокамалар давомида сўз олган Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи Ойбек Каимходжаев ҳисобот даврида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тизимли чора-тадбирлар белгиланганини таъкидлади. Шунингдек, у ҳар бир раҳбар ва ходим ўз зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан, юксак масъулият ва ташаббускорлик билан бажариши, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда халқ манфаатларига хизмат қилишни фаолиятининг бош мезони сифатида белгилаши лозимлигини қайд этди.
Таъкидланганидек, ҳар бир ҳудуддаги мавжуд вазиятни чуқур таҳлил қилиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабабларини барвақт аниқлаш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, аҳоли муаммоларига ўз вақтида ечим топиш ҳамда жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтириш ички ишлар органлари фаолиятининг муҳим йўналишлари ҳисобланади. Бу борада раҳбарларнинг шахсий масъулиятини ошириш ва белгиланган вазифалар ижроси устидан қатъий назорат ўрнатиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Йиғилиш якунида Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Баходир Мирзарахимов сўзга чиқиб, Хоразм вилояти ички ишлар органлари томонидан ҳисобот даврида муайян ижобий натижаларга эришилганини эътироф этди. Айни вақтда фаолиятдаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, хизматларнинг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш, замонавий бошқарув ва назорат механизмларини жорий қилиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш ҳамда ҳар бир ходимнинг хизмат интизоми ва шахсий масъулиятини кучайтириш юзасидан тегишли кўрсатма ва топшириқлар берди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ва устувор йўналишлар белгилаб олинди. Ҳар бир топшириқнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, масъул раҳбарларнинг ҳисобдорлигини ошириш ҳамда фаолият натижадорлигини мунтазам баҳолаб бориш бўйича вазифалар белгиланди.
Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш Департаменти Ахборот гуруҳи



