Хавфсиз туризм. Тошкентнинг меҳмондўст мезбонлари
2026-10-13 13:10:00 / Янгиликлар

Тошкент кўчаларида ҳар куни минглаб одамлар ишга, яна кимдир учрашувга шошади, кимдир шаҳарнинг бугунги қиёфасидан баҳраманд бўлиш учун сайрга чиқади. Баъзилар эса пойтахтга илк бор қадам қўйган бўлади. Улар учун Тошкент ҳали нотаниш маскан: кўчалар, манзиллар, тарихий обидалар, метро бекатлари, замонавий сайр масканлари - барчаси янги. Шундай пайтда баъзан энг оддий савол ҳам катта аҳамият касб этади: «Кечирасиз, бу манзилга қандай борсам бўлади?»
Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари бундай вазиятларга кўп бора дуч келади. Зеро, уларнинг хизмати фақат хавфсизликни таъминлашдан иборат эмас. Баъзан улар сайёҳ учун Тошкентдаги биринчи йўл кўрсатувчи, биринчи маслаҳат берувчи ва ҳатто мамлакатимиз ҳақидаги илк таассуротнинг бир қисмига айланишади. Фикримизча, туризм соҳасидаги хизматнинг энг чиройли жиҳатларидан бири ҳам шунда — баъзан катта таассурот жуда кичик ёрдамдан бошланади.
Хотиржамлик - энг катта натижа
Хавфсизлик деганда, кўпчиликнинг кўз олдига патруль, назорат ёки ҳуқуқбузарлик содир этилганидан кейинги ҳаракатлар келади. Аслида эса бизнинг хизматимиз бундан анча кенг. Тошкент шаҳридаги туризм намойиш объектларида хизмат олиб борарканмиз, асосий вазифаларимиздан бири фуқаролар ва хорижий меҳмонлар ўзларини хавфсиз ҳис қиладиган муҳитни таъминлашдир. Айниқса, одамлар гавжум бўладиган жойларда, туризм намойиш объектлари ва 24/7 тартибида фаолият кўрсатадиган кўчаларда доимо эътиборли ва сергак бўлиш талаб этилади.
Кимдир сайр қилмоқда. Кимдир суратга тушмоқда. Кимдир фарзандлари билан вақт ўтказмоқда. Кимдир Тошкентни илк бор кўрмоқда. Биз эса шу жараённинг ичида туриб, атрофдаги вазиятни кузатамиз. Кўпинча ҳеч қандай ҳодиса юз бермайди. Бу, аслида, ишимиздаги энг яхши натижалардан биридир. Чунки хавфсизлик хизматининг энг катта ютуғи — одамлар хавфсизлик ҳақида ўйламасдан, ўзини хавфсиз ҳис қилишидир.
Пойтахтнинг 24/7 ҳаёти
Пойтахтда кечаси ҳам ҳаёт «қайнайди». Айниқса, 24/7 тартибида фаолият кўрсатувчи кўчаларда тун ўзига хос кечади. Чироқлар, одамларнинг суҳбатлари, сайр қилаётганлар, меҳмонлар, шаҳарнинг шовқини...
Шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари ҳордиқ чиқараётган бир пайтда бизнинг хизматимиз давом этади. Бу касбнинг ўзига хослиги ҳам шунда: байрамми ёки оддий кунми, кундузми ёки тунми, сайёҳ чет элдан келганми ёки Ўзбекистон фуқаросими — фарқи йўқ. Энг муҳими — хорижий ва маҳаллий сайёҳлар ҳамда юртдошларимиз учун хавфсиз ва осуда муҳит яратиш. Меҳнатимизнинг натижаси ҳар доим ҳам кўзга ташланавермайди. Баъзан натижа - содир бўлмаган ҳодиса, ўз вақтида кўрсатилган йўналиш, сайёҳнинг юзидаги хотиржамлик ва миннатдорликдир.
Хавфсизлик кафолати
Тошкентнинг меҳмондўстлиги фақат унинг бинолари ёки кўчалари билан ўлчанмайди. Меҳмондўстлик ундаги инсонларнинг муносабатида ҳам яққол намоён бўлади. Хавфсизлик эса ана шу меҳмондўстликнинг ажралмас қисмидир.
Бугун биз пойтахтнинг туризм намойиш объектларида, гавжум масканларида ва 24/7 ҳаёти давом этадиган кўчаларида хизмат қилмоқдамиз. Кимдир бизни кўради, кимдир йўл сўраб ёнимизга келади, кимдир эса шунчаки ёнимиздан ўтиб кетади. Бунда энг муҳими ҳар бир инсоннинг хавфсизлиги. Баъзан хизмат вақтида атрофга қараб, сайёҳларнинг бемалол сайр қилаётганини кўриб ўйлаб қоласан киши: «Бизнинг хизматимиз аслида мана шу хотиржамлик учун». Сайёҳ Тошкентни эслаб қолсин, Ўзбекистонни яхши таассурот билан тарк этсин, бу ерда ўзини хавфсиз ҳис қилганини айтсин ва балки бир кун яна қайтиб келсин. Энг катта мукофотимиз ҳам шу.
Фарангиз Эргашова, Тошкент шаҳар ИИББ ХТТБ ЖХБ ҲПГ инспектори, катта лейтенант
