Давлат тили — миллий ғурур ва маънавий қадриятлар пойдевори: ИИВда навбатдаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди
2026-10-13 10:55:00 / Янгиликлар

21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни ҳамда «Давлат тили ҳақида»ги Қонун қабул қилинганининг 37 йиллиги муносабати билан ИИВ Маданият саройида навбатдаги «Маърифат» ҳамда «Миллий ғурур ва садоқат» соати ўтказилди.
«Давлат тили — миллий ғурур ва маънавий қадриятлар пойдеворидир» мавзусидаги тадбирда ИИВ шахсий таркиби, жумладан, вазирлик Марказий аппарати ва таркибий бўлинмалари ходимлари, Республика Маънавият ва маърифат маркази вакиллари, маданият ва санъат намояндалари иштирок этди.
Она тилимизнинг тарихи ва бой маънавий меросига бағишланган видеоролик намойишидан сўнг, маърузачилар ўзбек тилининг жамият ҳаётидаги ўрни, унинг нуфузини юксалтириш ва ёш авлодда она тилига ҳурмат туйғусини шакллантириш ҳақида фикр юритдилар. Тилни асраш миллий ўзлик, тарихий хотира ва қадриятларни асраш билан чамбарчас боғлиқ экани таъкидланди.
Иштирокчилар «Янги Ўзбекистон шукроналиги» лойиҳаси доирасидаги маърифий фотокўргазма билан ҳам танишдилар. Маданият саройи ансамбли хонандалари ижросидаги куй-қўшиқлар учрашувга кўтаринки руҳ бағишлади.
Тадбир ходимларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш, она тилига ҳурмат, миллий ғурур ва Ватанга садоқат туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилди.









