Тошкент шаҳар Чилонзор туманида энг яхши профилактика инспектори аниқланди
2026-10-13 10:30:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳар ички ишлар органлари ходимларининг касбий ва жанговар тайёргарлигини ошириш, хизматга оид билим ва кўникмаларини синовдан ўтказиш ҳамиша раҳбариятнинг диққат марказида. Ҳолбуки, ходимларнинг хизматга шайлиги, билими, кўникма ва маҳорати иш самарадорлигини оширилиши, хизмат вазифаларини бекаму кўст бажарилишини кафолатлайди. Пойтахт ИИББ соҳавий хизматлари ўртасида турли танлов ва мусобақаларнинг ўтказилиши нафақат ўз касбининг билимдони, етук мутахассисини аниқлаш, шахсий таркиб ўртасида ижобий рақобатни шакллантириш, жамоавий муҳит ишчанлигини кучайтириш, балки ҳамкасбларига ўрнак кўрсатиш, муносибларни рағбатлантириш орқали билим ва малакаларини ошириш иштиёқини шакллантиради. “Ички ишлар органларида энг яхши ходимларни аниқлаш бўйича республика танловини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, пойтахтнинг Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан “Энг яхши профилактика инспектори” кўрик-танлови ўтказилди.
Ҳакамлар танловда қатнашган ходимларнинг мусобақа шартларини бажариш, соҳага оид меъёрий ҳужжатларни иш жараёнида қўллаш, хизмат фаолияти бўйича тайёрланган тақдимномаларни чуқур ўрганиб, қуйидагиларни ғолиб деб топишди.
3-ўринни 4-сон ИИБ ҲПБ профилактика инспектори, катта лейтенант Қурбонбоев Фаррух Ҳосилбек ўғли эгаллади. 2-ўрин эса 1-сон ИИБ ҲПБ профилактика катта инспектори, капитан Бозаров Бекзод Баҳодир ўғлига насиб этди. Мусобақанинг мутлоқ ғолиби – биринчи ўрин соҳиби деб 2-сон ИИБ ҲПБ профилактика инспектори, лейтенант Норматов Шаҳзод Нумонжон ўғли эътироф этилди.
Ғолибларга тегишли диплом ва эсдалик совғалари ҳамда пойтахт ИИББ томонидан ўтказиладиган кўрик-танловга йўлланма топширилди.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати





