Оталиқдаги мактабда. Мақсад ва ҳамкорлик уйғунлиги
2026-10-12 23:00:00 / Янгиликлар

Мирзаобод туманидаги 25-сонли мактабда беш юздан ортиқ ўқувчи таҳсил олади. Бир неча йилдирки, ушбу таълим муассасаси Сирдарё вилояти ИИБ оталиғида. Шу йиллар давомида мактаб гуллабяшнади. Капитал таъмирланди. Қўшимча ўқув биноси қурилди. Кадрлар таркибининг сифат кўрсаткичи ошди. Таълим даражаси яхшиланди.
Вилоят ИИБ ва умумтаълим мактаби ўртасида тузилган келишувга кўра, мактабдаги маънавий-маърифий, ахлоқий тарбия кўлами кенгайди. Мактаб кутубхонаси энг янги адабиётлар билан бойитилди. Маскан ҳовлисига юздан ортиқ кўчат экилиб, боғ барпо этилди. Ўқувчиларнинг ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида ИИВ Сирдарё академик лицейи ўқитувчилари жалб қилинди.
Мактабда уюштирилган учрашувлар, давра суҳбатлари, музей ва тарихий гўшаларга саёҳатлар салмоғи ортди. Яқинда ташкил этилган бир гуруҳ ўқувчиларнинг вилоят ИИБ «Аждодлар изидан авлодлар» музейига саёҳати ана шундай тадбирлардан бири бўлди.
10–11-синф ўқувчиларининг музейга ташрифи вилоят ИИБнинг ташкил этилиш тарихи, турли лавозимларда ишлаган таниқли шахслар фаолияти билан танишишдан бошланди. Ўтган асрнинг 60–70-йилларида жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар, қўлланилган техник воситалар ўқувчиларда катта таассурот қолдирди.
— Ўтган асрга тааллуқли ёзув машинкаси, фотоаппаратлар, эксперт-криминалистика воситалари биз учун ўтмишни тасаввур қилишда муҳим бўлди, — дейди 10-«А» синф ўқувчиси Нигора Расулова. — Ушбу ташриф давомида эл-юрт тинчлигини сақлаш нечоғлик машаққатли эканлигига, фидойилик талаб қилишига яна бир бор амин бўлдик.
Шунингдек, ўқувчилар саёҳат жараёнида Янги Ўзбекистоннинг янги ички ишлар органлари олдидаги вазифалар, «Хавфсиз маҳалла», «Хавфсиз шаҳар» тамойиллари асосида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам таништирилди.
Замонавий кузатув камералари тизими, Face ID технологиясининг қўлланилиши, шу орқали ҳар қандай жиноятчини тезда аниқлаш ва топиш имконияти яратилаётгани уларда катта таассурот қолдирди.
© «Postda» газетаси, Абдураҳмон Мустафоқулов, Сирдарё вилояти.
