Фидойи ходимлар. Самарқанднинг сергак посбони
2026-10-12 01:25:00 / Янгиликлар

Самарқанд вилояти ИИБ ХТТБ жамоат тартибини сақлаш гуруҳи катта инспектори, катта лейтенант Бекзод Қурбоновнинг хизмати жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш билан чекланмайди. Баъзан у сайёҳлар учун биринчи суҳбатдош, биринчи йўлбошчи, ҳатто Самарқанд тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи илк инсонга айланади. Кўпинча хорижлик меҳмонларга йўл кўрсатаркан, бир вақтнинг ўзида шаҳарнинг кўп асрлик тарихи, буюк алломалари, соҳибқирон Амир Темур барпо этган давлат ва Мирзо Улуғбекнинг илм-фанга қўшган ҳиссаси ҳақида ҳам хорижий тилларда гапириб беради.
Б. Қурбонов хизмат олиб бораётган ҳудудда одамлар ўзини эркин ва хотиржам ҳис этиши энг катта натижа ҳисобланади. Шунинг учун у доимо вазиятни кузатади, эҳтимолий хавфларни олдиндан баҳолайди ва ҳар қандай ҳолатда тезкор ҳамда қонун доирасида қарор қабул қилишга интилади. Лавҳамиз қаҳрамони жамоада ҳамкасбларининг фикрига қулоқ тутади, зарур пайтда ўз тажрибасини аямайди, қийин вазиятларда эса елкадош бўлишни бурч деб билади. Бир мақсад йўлида бирлашган жамоа билан ишлаш энг катта куч эканини яхши англайди.
Яқинда хитойлик фуқаро Самарқандга саёҳати давомида ҳужжатлари солинган сумкасини унутиб қўйганини маълум қилиб, ХТТБ ходимларидан амалий ёрдам сўрайди. Бекзод Қурбонов вазиятни ўрганиб, Регистон мажмуаси ҳудудидаги кузатув камераларини кўриб чиқади. Ўрганишлар натижасида сайёҳнинг сумкаси топиб берилади.
- Бекзод Қурбонов ҳар қандай топшириққа масъулият билан ёндашади, - дейди вилоят ИИБ ХТТБ муҳим топшириқлар бўйича катта инспектори, катта лейтенант Темур Қодиров.- Вазифанинг катта-кичиклигига қарамай, уни пухта ўрганиш, ҳар бир жиҳатини таҳлил қилиш ва белгиланган муддатда сифатли бажаришни ўзининг касбий тамойили деб ҳисоблайди. Унинг иш услубида аниқлик, интизом ва натижага устувор аҳамият берилади.
Ҳар куни хизматга отланаркан, ота-онасининг эзгу тилаклари ва дуоларини олишни унутмайди. Бу эса унга масъулиятли вазифаларни сидқидилдан бажариш, ҳар қандай вазиятда сабр-тоқат ва матонат билан иш тутишга руҳий куч бағишлайди.
- Болам кичиклигиданоқ «Дуо қилинг» деганида, эл-юртга хизмат қиладиган, одамларнинг корига ярайдиган инсон бўлгин, дердим. Бугун менинг дуоларим амалга ошди, ниятларим ушалди, - дейди фидойи ходимнинг онаси Муҳаррам Содиқова севиниб.
Катта лейтенант Бекзод Қурбонов учун Ватан хизматига камарбасталик - олий саодат. Самарқанднинг улуғворлиги тарих билан белгиланган бўлса, унинг осойишталиги қасамёдига садоқат билан ёндашаётган мана шундай жонкуяр ходимлар хизмати билан мустаҳкамланади.
© «Postda» газетаси, Умида Мамадалиева, Самарқанд вилояти.
