ИИВ Малака ошириш институтида профилактика инспекторлари учун учувчисиз учиш аппаратларини бошқариш бўйича махсус ўқув курси якунланди
2026-10-10 15:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида ички ишлар органлари профилактика бош инспекторлари учун учувчисиз учиш аппаратларини бошқариш бўйича махсус касбий тайёргарлик ўқув курси муваффақиятли якунланди.
Мазкур ўқув курси ходимларнинг замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, шунингдек, хизмат фаолиятида илғор техник воситаларни самарали қўллаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилди.
Ахборот технологиялари цикли ўқитувчилари томонидан олиб борилган машғулотлар давомида тингловчиларга учувчисиз учиш аппаратларининг техник имкониятлари, уларни бошқариш тартиби, хавфсизлик талаблари ҳамда хизмат фаолиятида қўллаш усуллари бўйича назарий билимлар берилди.
Шу билан бирга, амалий машғулотлар орқали аппаратларни бошқариш, уларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш ва олинган билимларни амалиётда қўллаш кўникмалари шакллантирилди.
Замонавий техник воситалардан фойдаланиш профилактика инспекторларининг хизмат вазифаларини янада самарали ташкил этиши, ҳудудлардаги вазиятни кузатиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Курс якунида тингловчиларнинг назарий билимлари ва амалий кўникмалари белгиланган тартибда синовдан ўтказилди. Синовларни муваффақиятли топширган ходимларга тегишли сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида ташкил этилаётган бундай ўқув курслари ички ишлар органлари ходимларининг касбий маҳоратини ошириш, замонавий технологияларни хизмат фаолиятига кенг жорий этиш ҳамда соҳада малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
ИИВ Малака ошириш институти







