Фарғона вилояти. Сулоланинг муносиб давомчиси
2026-10-09 22:15:00 / Янгиликлар

Вилоят ИИБ Рақамли технологиялар ва ҳуқуқий статистика хизмати Ҳуқуқий статистика маркази бошлиғи ўринбосари - статистик маълумотлар бўлими бошлиғи, майор Бобуржон Мадаминовнинг бугунги фаолиятида уч авлодни бирлаштириб турган касбга садоқат туйғуси мужассам.
Дарҳақиқат, Бобуржон Мадаминов бу соҳани бежиз танламаган. Унинг бобоси Мадаминжон Бобораҳимов 1945—1985 йилларда ички ишлар органларида самарали хизмат қилган. Фарғона тумани ИИБда хизмат фаолиятини бошлаган М. Бобораҳимов кейинчалик Қува тумани, Қўқон ва Фарғона шаҳарлари ички ишлар бўлимлари, вилоят ИИБ Қўриқлаш бўлимида масъулиятли вазифаларда хизмат қилган.
Мадаминжон отанинг фарзандлари Ғуломжон ва Аброржон Бобораҳимовлар ҳам шу йўлдан бориб, ички ишлар органларига ишга киришди. Ғуломжон Бобораҳимов қарийб қирқ йиллик хизмат фаолияти давомида турли лавозимларда ишлаб, вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари вазифасидан, полковник унвонида пенсияга чиқди. Аброржон Бобораҳимов ҳам тизимда турли раҳбарлик лавозимларида самарали меҳнат қилиб, отаси бошлаган касб йўлини муносиб давом эттирди.
Ана шу муҳитда вояга етган Бобуржон учун сулола анъанасини давом эттириш табиий танловга айланди. Мустақиллик тенгдоши сифатида дунёга келган Бобуржон Мадаминов 2012 йилда Наманган давлат университетини тамомлади. Кейинчалик касбий билимларини янада ошириш мақсадида ИИВ Академияси магистратурасида таҳсил олиб, 2023 йилда уни муваффақиятли якунлади.
Унинг хизмат фаолияти ҳам изланиш ва тажриба мактабига айланди. Фарғона шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимида терговчи, вилоят ИИБ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бўлинмаси бош юрисконсульти, Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими катта тезкор вакили, Қўштепа тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари каби лавозимларда ишлади.
Яқинда унинг амакиси, полковник Ғуломжон Бобораҳимов яшаб ўтган хонадонда уй-музейи очилди. Музейда Бобораҳимовлар сулоласига оид кўплаб нодир ашёлар, фотосуратлар, альбомлар, ҳужжатлар жамланган бўлиб, ёш ходимлар тез-тез бу ерга келиб туришибди. Бобуржон учун ҳам бу музей жуда қадрли жой. У ерга кирганида қалбига фахр ва ифтихор туйғулари иниб, руҳий қувват олади. Бобоси билан ғойибона суҳбатлашади. Гўё унга «Сулоламиз қадриятларини ардоқла», дегандек туюлади.
Ҳар куни тонгда отаси, истеъфодаги подполковник Аброржон Бобораҳимовдан дуо олиб ишга жўнайди ва то кечгача ота ўгитларига таяниб иш қилади. Унинг ўзи ҳам икки қиз, бир ўғилни муносиб тарбиялаб келмоқда. Вақтлар келиб, ўғли Хумоюнбек Мадаминов сулоланинг тўртинчи вакили сифатида ота касбини танласа, ажабмас.
