Ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоралари кучайтирилмоқда
2026-10-09 21:15:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2026 йил 8 сентябрдаги 274-сонли фармойиши ижроси доирасида жорий йилнинг 6 октябрь куни ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғи, полковник Отабек Шарипов томонидан «қизил» тоифага киритилган «Буюк Турон» маҳалласида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Ўрганишлар давомида ҳудудда содир этилган жиноятларнинг сабаб ва шарт-шароитлари таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар белгиланди.
Хусусан, айрим кўча ва ички йўлларнинг тунги вақтда етарли даражада ёритилмагани ўғрилик ва бошқа турдаги жиноятлар содир этилишига шароит яратаётгани аниқланди. Маҳаллий ҳокимлик ва коммунал соҳа мутасаддилари билан ҳамкорликда қоронғи ҳудудларга қўшимча ёритиш чироқлари ўрнатилиб, фуқароларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун зарур шароитлар яратилди.
Шунингдек, мулкий жиноятларнинг олдини олиш мақсадида савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, кўп қаватли уйлар ҳамда аҳоли хонадонларининг хавфсизлик ҳолати ўрганилди. 100 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда турар-жой мулкдорларига ишончли қулфлар, ҳимоя воситалари, сигнализация ва бошқа хавфсизлик чораларини кучайтириш юзасидан тегишли огоҳлантириш ва тақдимномалар киритилди.
Ҳудуддаги низоли, муаммоли ва нотинч оилалар хатловдан ўтказилиб, «маҳалла еттилиги», имом-хатиблар ва маҳалла фаоллари иштирокида оилавий келишмовчиликларни бартараф этиш, тарафларни яраштириш, ижтимоий ва психологик кўмак кўрсатиш чоралари йўлга қўйилди.
Ҳудудда мавжуд 750 та видеокузатув камерасининг қамрови қайта таҳлил қилиниб, камералар назаридан четда қолаётган «кўр зоналар» аниқланди ва мониторинг қамровини кенгайтириш чоралари белгиланди.
Ўрганишлар натижасида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, белгиланган вазифаларнинг ижроси ҳамда жиноятчиликни жиловлашга қаратилган чора-тадбирлар мутасадди идоралар билан ҳамкорликда кундалик назоратга олинди.
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ахборот хизмати




