Тошкент вилоятидаги бириктирилган маҳаллаларда олиб борилган ишлар натижалари тақдим этилди
2026-10-09 21:00:00 / Янгиликлар

Паркент туманидаги Криминология тадқиқот институтига бириктирилган “Невич” маҳалласида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Б.Умаров бошчилигидаги масъул раҳбарларига Криминология тадқиқот институти томонидан ҳудуд масъуллари билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар юзасидан тақдимот ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги ПҚ-1-сон қарори ижроси доирасида Криминология тадқиқот институтига Тошкент вилоятининг 7 та шаҳар ва туманида уч йилдан буён “қизил” тоифада қолаётган 13 та маҳалла бириктирилган.
Мазкур маҳаллаларда жиноятчиликнинг сабаб ва омилларини аниқлаш, профилактика фаолиятига илмий асосланган ёндашувларни жорий этиш ҳамда хавфсиз муҳитни таъминлашга қаратилган ишлар “илмий хулоса — тавсия — натижа” тамойили асосида ташкил этилди. Ҳар бир маҳаллага Институтнинг илмий ва амалий тажрибага эга ходимлари номма-ном бириктирилиб, “маҳалла еттилиги” ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Жорий йил давомида Институт ходимлари ва ҳудуд масъуллари ҳамкорлигида амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида бириктирилган 13 та маҳалланинг 9 тасини (69,2 фоиз) бошқа тоифага ўтказишга эришилди: 6 таси “сариқ”, 3 таси “яшил” тоифага ўтди.
Жиноятлар сони “Кичиксой” маҳалласида 3 тадан 2 тага, “Марказий”да 4 тадан 3 тага, “Невич” ва “Қўрсой”да 1 тадан 0 тага, “Янгилик”да 4 тадан 1 тага, “Обод”да 2 тадан 1 тага камайди.
ИИВ Криминология тадқиқот институти



