Кибержиноятларнинг олдини олиш бўйича Тошкент вилояти тажрибаси яратилади
2026-10-09 12:30:00 / Янгиликлар

Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг деярли барча соҳаларига чуқур кириб борган бир шароитда киберхавфсизлик масаласи нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки бутун жамият олдида турган долзарб вазифага айланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев раҳбарлигида, Тошкент вилояти бўйлаб кибержиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан аҳоли ўртасида тарғибот тадбирларининг янги тизимини яратиш бўйича ишлаб чиқилган таклифларни вилоят ҳудудида жорий этишга қаратилган масалалар муҳокамаси бўлиб ўтди.
Вилоят Ички ишлар Бош бошқармасида бўлиб ўтган муҳокамада Республика штаби аъзолари, ИИВ Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти, вилоят ҳокимлигининг масъул раҳбарлари ҳамда бошқа мутасадди идоралар ходимлари иштирок этдилар.
Тадбирда, Бош прокуратура Кибержиноятларга қарши курашишда қонунийликни таъминлаш бўлими бошлиғи А.Ғуломов томонидан тақдим этилган аҳоли кибермаданиятини юксалтириш юзасидан "Тошкент вилояти тажрибаси"ни жорий этиш бўйича тақдимоти муҳокама қилинди.
Ҳозирда кибержиноятчиликни олдини олиш борасида ўтказилаётган тарғибот тадбирлари етарли самара бермаётганлиги сабабли масъулларга тарғибот тадбирларини янада кучайтириш юзасидан қатор топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Якунида соҳада белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган муддатлари аниқ белгиланган қарор қабул қилиниб, ижрога қаратилди.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати







