Наманган вилоятининг Чортоқ ва Уйчи туманларида жиноятчиликнинг олдини олиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш ишлари ўрганилди
2026-10-09 11:55:00 / Янгиликлар

Наманган вилоятининг Чортоқ ва Уйчи туманларида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Чортоқ туманида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, вилоят ИИБ бошлиғи ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирокида жиноятчилик кўрсаткичлари юқори бўлган маҳаллалардаги «еттилик» фаолияти муҳокама қилинди. Унда ёшлар жиноятчилигининг сабаблари, профилактик ҳисобдаги ёшлар билан ишлаш натижалари таҳлил қилиниб, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшлар бандлигини таъминлаш ва профилактика ишларини кучайтириш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, тумандаги «Вазиятларни бошқариш маркази» фаолияти билан танишилиб, замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект ёрдамида криминоген вазиятни онлайн кузатиш, хавфларни барвақт аниқлаш ҳамда юзага келган ҳолатларга тезкор муносабат билдириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Уйчи туманида эса вилоят ИИБ бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ «Обод» ва «Соку» маҳаллаларида бўлиб, криминоген вазият, ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари, маҳалла «еттилиги» ва профилактика инспекторларининг ҳамкорлиги ҳамда илгари ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар билан олиб борилаётган профилактик ишлар самарадорлигини таҳлил қилди. Шунингдек, туман ИИБнинг жорий йилдаги фаолияти, эришилган натижалар, мавжуд камчиликлар ва жамоат тартибини сақлаш борасидаги ишлар кўриб чиқилди.
Ўрганишлар якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, ёшлар билан манзилли ишлаш, профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш ҳамда масъул идоралар ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати









