Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан Бухоро вилояти ички ишлар органларининг 9 ойлик фаолияти ҳамда хизмат интизоми ҳолати муҳокама қилинди
2026-10-09 07:50:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Саттаров раҳбарлигидаги кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида Бухоро вилояти ички ишлар органларининг 9 ойлик фаолияти сарҳисоб қилиниб, хизматдаги камчиликлар ва уларнинг сабаблари танқидий муҳокама қилинди.
Жиноятчиликка қарши курашиш, профилактик тадбирлар натижадорлиги ва фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳолати кўриб чиқилди. Ходимлар томонидан содир этилган салбий ҳолатлар, хизмат интизоми ва қонунийлик талабларининг бузилиши алоҳида муҳокама этилиб, раҳбарларнинг шахсий таркиб билан ишлашдаги масъулиятига эътибор қаратилди.
Шунингдек, аҳолини киберфирибгарликдан ҳимоялашда “АПК қўриқчи” иловасини оммалаштириш зарурлиги таъкидланди.
Масъулларга кадрлар билан ишлашни яхшилаш, интизомни мустаҳкамлаш ва камчиликларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан қатъий топшириқлар берилди.



