Хавфсиз маҳалла — осойишта ҳаётнинг мустаҳкам пойдевори. Қашқадарё вилоятида криминоген вазият ўрганилди
2026-10-09 07:35:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Давлат раҳбарининг маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилоятида ўрганишлар ўтказди.
Қамаши туманидаги “Чим” маҳалласида ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида қурилиш-ободонлаштириш ишлари, жумладан, янги спорт мажмуаси, маҳалла биноси ва ёшлар марказидаги ишлар кўздан кечирилди. Маҳаллалар еттилигининг криминоген вазиятни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти таҳлил қилинди.
“Хавфсиз маҳалла” ва “Хавфсиз хонадон” тамойиллари асосида видеокузатув камераларини ўрнатиш, уларни профилактика инспекторлари хизмат хоналари ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси вазиятлар марказига интеграция қилиш бўйича масъулларга вазифалар белгиланди.
Маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларни ўзини ўзи банд қилишга жалб этиш ва янги иш ўринларини яратиш борасидаги ишлар ҳам кўриб чиқилиб, бу йўналишни кенгайтириш бўйича тавсиялар берилди.
Китоб туманида ички ишлар бўлими ходимларининг хизмат фаолияти, криминоген вазиятни назорат қилишда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш ҳолати билан танишилди. Аҳоли гавжум жойлар, бозорлар ва автомобиль йўлларидаги юз ҳамда давлат рақам белгиларини таниб олувчи видеокамераларнинг навбатчилик қисми ва тезкор вазиятлар марказига интеграция қилингани кўздан кечирилди.
Ички ишлар органлари ходимларига кибержиноятларнинг олдини олиш ва аҳолининг бу борадаги хабардорлигини оширишга қаратилган тарғибот ишларини кучайтириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, “қизил” ва “сариқ” тоифадаги маҳаллаларда жиноятчилик профилактикаси, ёшлар ва фуқаролар билан манзилли ишлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда Йўл харитасида белгиланган чора-тадбирлар ижроси таҳлил қилинди.
Шаҳрисабз шаҳрида ички ишлар органлари фаолияти ҳамда аҳоли гавжум бўладиган “Наврўз” кўнгилочар истироҳат боғида жамоат тартибини сақлаш ҳолати кўриб чиқилди. Бу ерда хизматга жалб этилган куч ва воситаларнинг фавқулодда текшируви ўтказилиб, масъулларга зарур йўриқномалар берилди.
Ҳудуд масъулларига кўп қаватли уйларнинг кириш йўлакларига замонавий домофонлар ўрнатиш, уларни ички ишлар бошқармаси Тезкор бошқарув маркази ва профилактика инспекторларининг хизмат планшетларига интеграция қилиш, шунингдек, ҳудудларда жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш чораларини кўриш топширилди.
Чироқчи тумани ички ишлар бўлимида жорий йилнинг тўққиз ойида криминоген вазиятни жиловлаш, жиноятларнинг олдини олиш ва фош этиш, жамоат тартибини сақлаш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Ҳисобот давридаги камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан вазифалар белгиланди.
Ўрганишлар давомида Давлат раҳбари қарорларида белгиланган вазифалар ижроси, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва ижтимоий профилактика тизимини самарали ташкил этиш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди.
Қашқадарё вилоятидаги ўрганишлар якунида Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов бошчилигида вазирлик соҳавий хизматлари ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Унда шаҳар ва туманларда ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, маҳаллаларда профилактик ишларни жадаллаштириш ва хавфсиз муҳитни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Масъулларга аниқланган камчиликларни бартараф этиш билан чекланмасдан, ҳар бир ҳудуддаги вазиятдан келиб чиқиб, натижа берадиган чораларни белгилаш, уларнинг ижросини қатъий назоратга олиш бўйича топшириқлар берилди.









