Ички ишлар вазирлиги Давлат ташкилотлари орасида биринчилардан бўлиб "Рақамли инфратузилма" ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлигини таъминлашга қўшган муҳим ҳиссаси учун тақдирланди
2026-10-07 12:00:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда киберхавфсизлик соҳасини ривожлантириш, ушбу йўналишда малакали кадрлар салоҳиятини ошириш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган Киберхавфсизлик стратегияси тасдиқланди.
2026 йил 5–6 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Марказий Евросиё киберхавфсизлик саммити доирасида “Киберхавфсизлик маркази” давлат муассасаси томонидан “Cyberkent 4.0” киберхавфсизлик мусобақаси ташкил этилди.
Мазкур мусобақада ахборот тизимлари ва инфратузилмасини ҳимоя қилиш, мавжуд заифликларни аниқлаш ва бартараф этиш, хавфсизлик мониторинги маълумотларини таҳлил қилиш, ҳужум кўрсаткичларини аниқлаш, шунингдек, содир бўлган киберхавфсизлик ҳодисаларини текшириш ва уларнинг такрорланишининг олдини олишга қаратилган “Blue Teams” йўналиши бўйича беллашувлар ўтказилди.
“Blue Teams” йўналишида Ички ишлар вазирлиги Рақамли технологиялар ва ҳуқуқий статистика департаментининг “SOC MIA” жамоаси ахборот тизимлари ва тармоқ инфратузилмасида юзага келиши мумкин бўлган киберхавфларни аниқлаш, хавфсизлик ҳодисаларини мониторинг қилиш ва таҳлил этиш, ҳужум индикаторларини аниқлаш ҳамда аниқланган таҳдидларга тезкор чоралар кўриш бўйича ўзининг амалий салоҳиятини намойиш этди.
Шунингдек, жамоа аъзолари киберҳужумларнинг изларини аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш, тизимлардаги заифликларни бартараф этиш ва келгусида шу каби ҳодисаларнинг такрорланишининг олдини олишга қаратилган вазифаларни бажариш орқали юқори даражадаги касбий тайёргарлигини кўрсатди.
Шунингдек, тадбир доирасида ўтказилган “CYBER MULOQOT” семинар-тренингида маъруза билан иштирок этган ИИВ Рақамли технологиялар ва ҳуқуқий статистика департаменти вакили семинар-тренингнинг энг фаол иштирокчиси деб топилиб, муносиб тақдирланди.
Республика ташкилотлари орасида биринчилардан бўлиб киберхавфсизлик таҳдидларини аниқлаш ва мониторинг қилиш, шунингдек, кибертаҳдидлар ҳақида эрта хабардор қилиш тизимини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Рақамли технологиялар ва ҳуқуқий статистика департаменти негизида жорий этгани учун Ички ишлар вазирлиги алоҳида эътироф этилди ҳамда тақдирланди.
Эришилган натижалар ички ишлар органлари мутахассисларининг киберхавфсизлик соҳасидаги чуқур билим, амалий кўникма ва тажрибаси республика ҳамда халқаро миқёсда эътироф этилаётганидан далолат беради.




