Фахрийлар — фахримиз. Йўл хавфсизлиги учун қалам тутган зот
2026-10-07 23:00:00 / Янгиликлар

Комил Тожиевнинг ички ишлар органлари тизимидаги фаолияти Давлат автомобиль назорати хизмати билан боғлиқ бўлди. Йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб қилди, болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича ишлади.
Қаламини ҳам қўймади: мактабларда йўлда маданиятли ҳаракатланиш машғулотларини ташкил этиш ва милиция ходимлари ҳаёти ҳақида чиқишлар қилди.
Уларда вазиятни чуқур таҳлил қилар, камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш учун аниқ таклифлар берарди. Шу тажриба ва ташаббус 1980 йили телевидение билан ҳамкорликда ташкил этилган «Йўлингиз бехатар бўлсин!» кўрсатувида ҳам намоён бўлди. Унинг ўзи муаллифлик ва бошловчилик қилган кўрсатув 1990 йили «Оқ йўл» тележурналига айлантирилди.
Ўша йилларда мактабларда йўл ҳаракати хавфсизлигини ўргатиш бўйича ўзбекча қўлланма йўқ эди. 1990 йил охирида Комил ака қисқа муддатда «Йўл ҳодисаларида болалар шикастланишининг олдини олиш» китобини ёзди.
Мазкур қўлланма Хоразм вилояти Халқ таълими бўлими ҳамда унга бевосита бўйсунувчи вилоят педагогика жамияти раиси Шукуржон Мадраҳимованинг ёрдами билан 1991 йили «Меҳнат» нашриётида 10 минг нусхада чоп этилди ва вилоят мактабларига тарқатилди.
1995 йилда Комил Тожиев республика халқ таълими ходими Позил Содиқов билан ҳаммуаллифликда «Болалар боғчаларида йўл қоидаларини ўргатиш» китобини ёзди. «Ўқитувчи» нашриётида 50 минг нусхада чоп этилган китоб республика мактабгача таълим муассасаларига тарқатилди.
1997 йилда Комил ака милиция майори унвони билан пенсияга чиқди, лекин ижодий фаолиятдан тўхтамади. 2006 йили вилоят ички ишлар бошқармасининг «Осойишталик учун» газетаси таҳрир ҳайъати аъзолигига ўтказилди, кейинчалик етти йил давомида шу нашрга муҳаррирлик қилди.
2006 йилда Комил ака вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг 1936–2006 йиллардаги тарихини ёритувчи «Йиллар ва йўллар» китобини ёзиб, нашрдан чиқарди.
Унда ўзи гувоҳ бўлган воқеалар билан чекланмай, архив ҳужжатлари, турли манбалар ва фахрийлар хотираларига таяниб, соҳа тарихини атрофлича баён қилди. 2011 йилда Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма йиллигига бағишлаб китобнинг иккинчи жилдини ҳам ёзиб, чоп эттирди.
2021 йилда Хоразм вилояти милицияси тарихига бағишланган «Жанговар постда бир аср» номли китоби нашрдан чиқди. 2022–2026 йилларда жиноят қидирув ходимлари ҳаётидан олинган рус тилидаги «Расплата» китоби, ЙҲХБ ходимлари ҳаёти билан боғлиқ «Дўзахдан қувилган» номли ҳажвий ҳикоялар китоби ҳамда шеърий тўпламлари чоп этилди.
Айни пайтда Комил ака 1999 йил 30 март куни Хоразмда террорчилар гаровга олган автобус йўловчиларини озод қилиш воқеалари ҳақидаги «Саримой воқеалари» ҳужжатли қиссасини тугатган ва нашрга тайёрламоқда.
Комил Тожиев бугун Хоразм вилояти ИИБ Фахрийлар кенгаши раиси ўринбосари. «Меҳнат ва жанговар шуҳрат» музейи фаолиятида ҳам фаол қатнашади. Ёш ходимларни Ватанга муҳаббат, касбга садоқат ва миллий анъаналарга ҳурмат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Ички ишлар органларидаги Тожиевлар сулоласи ҳам давом этмоқда. Комил аканинг ўғли, подполковник Тўлқин Тожиев Янгиариқ тумани ИИБ профилактика катта инспектори.
Неваралари — лейтенант Суҳроб Комилов Боғот тумани ИИБ ЙҲХБ катта инспектори, лейтенант Азизбек Нуруллаев эса вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати катта инспектори лавозимида фаолият олиб бормоқда.
© «Postda» газетаси,Нилуфар Жабборова, Хоразм вилояти.
