Андижонда “Уч авлод” конференцияси: устозлар тажрибаси ёшлар билан баҳам кўрилди, фаол фахрийлар ва танлов ғолиблари тақдирланди
2026-10-06 22:05:00 / Янгиликлар

“Кексалар ҳафталиги” доирасида ўтказилган конференцияда вазирлик масъуллари, Фахрийлар кенгаши вакиллари, ҳудудий ички ишлар органлари фахрийлари ва ёш ходимлар иштирок этди. Тадбирлар устозлар меҳнатини эъзозлаш, уларнинг ҳаётий ва касбий тажрибасини ёш авлодга етказишга қаратилди.
Якуний маросимда Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Саттаров давлатимиз раҳбари бошчилигида “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ички ишлар органларига қаратилаётган эътибор ва фахрийларга кўрсатилаётган ғамхўрликка тўхталди. Устозларнинг тажрибаси ва шахсий намунаси ёш ходимларни Ватанга садоқат ҳамда касбий масъулият руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Конференция давомида фахрийлар ва ёш ходимлар маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли билан мулоқот ва профилактик ишларни ташкил этиш юзасидан тажриба алмашди. Шунингдек, соҳа фидойилари ҳолидан хабар олиниб, уларнинг хизмат хотиралари ва маслаҳатлари тингланди.
Истеъфодаги генерал майор Тоҳир Муллажонов ИИВ Андижон академик лицейи ўқувчилари ҳамда Андижон шаҳар ИИБ ходимлари билан учрашиб, Ватанга садоқат, хизмат интизоми ва касбий масъулият ҳақида суҳбатлашди. Тадбирда ички ишлар органларида 31 йил хизмат қилган 93 ёшли истеъфодаги полковник Турсинбек Раҳмонов ҳам фаол иштирок этди.
Фахрийлар ва ёш ходимлар ўртасида ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйинида Андижон вилояти ИИБ жамоаси биринчи, Навоий вилояти ИИБ жамоаси иккинчи, Сирдарё вилояти жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
“Йилнинг энг фаол фахрий ходими” танловининг республика босқичида Содиқжон Нишанов биринчи, Абдуваҳобжон Халиков иккинчи, Закир Худаймуродов учинчи ўринга муносиб топилди. Биринчи ўрин соҳибига икки кишилик бепул санаторий йўлланмаси, иккинчи ва учинчи ўрин соҳибларига тегишлича базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн икки ва саккиз баравари миқдорида пул мукофотлари берилди.
Диёрбек Саттаров фахрийлар ва ғолибларга мукофотларни топшириб, уларнинг кўп йиллик хизмати ҳамда ёш авлод тарбиясига қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди. “Заковат” ғолиблари ҳам диплом ва совғалар билан тақдирланди.
Конференция устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш, фахрийлар тажрибасини хизмат амалиётига татбиқ этиш ва авлодлар ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилди.









