Тошкент шаҳар Миробод туманида қурилиш объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалалари ўрганилди
2026-10-06 20:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баходир Мирзарахимов Тошкент шаҳри Миробод туманида барпо этилаётган янги кўп қаватли уй-жой мажмуаларидаги қурилиш ишларининг бориши билан танишиб, объектларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Ташриф давомида «Янги Миробод» маҳалласи еттилигининг хизмат фаолияти ҳам ўрганилиб, ҳудудда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, профилактик тадбирларни самарали ташкил этиш ҳамда аҳоли билан манзилли ишлаш ҳолати кўздан кечирилди.
Шунингдек, қурилиш объектларида меҳнат қилаётган қурувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, меҳнат ва кундалик фаолият жараёнида хавфсизлик қоидаларига амал қилиш бўйича профилактик тадбирлар ўтказилишига эътибор қаратилди.
Айниқса, кўп қаватли бинолар қурилиши жараёнида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, қурилиш майдонларида тартиб-интизомни сақлаш, ишчи-ходимлар ҳамда атрофдаги фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш муҳим вазифалардан бири экани таъкидланди.
Зеро, амалга оширилаётган ҳар бир бунёдкорлик ишининг замирида, аввало, халқимиз учун муносиб ва хавфсиз яшаш шароитларини яратиш, фуқароларимизнинг осойишта ва фаровон ҳаётини таъминлаш мақсади мужассам.
Таъкидланганидек, жамоат хавфсизлигини таъминлашда профилактика ва фуқаролар билан яқин ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, янги қурилишлар жадал олиб борилаётган ҳудудларда аҳоли, қурувчилар ва масъул ташкилотлар ўртасида ҳамжиҳатликни таъминлаш хавфсиз муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.
Мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилиб, «Янги Миробод» маҳалласида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар осойишталигини асраш ҳамда қурувчилар билан профилактик тадбирларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти



