Қўшқанотлар. парвозга куч берган елкадошлик
2026-10-06 08:15:00 / Янгиликлар

Ҳаётимиз йўллардан иборат. Мақсадларимиз, орзу-истакларимиз рўёби учун турли манзиллардан юришга тўғри келади. Аммо баъзи йўллар борки, улар қалбдан бошланади, муҳаббат билан гўзаллашиб, масъулият билан мустаҳкамланади. Шундай йўллардан бири тақдирлар туташган, ниятлар муштарак, қадамлар бирга бўлган умр йўлидир.
Самарқанд шаҳар 6-сонли ИИБ бошлиғи, катта лейтенант Дадахон Ёқубов ҳамда 3-сонли ИИБ хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори, катта лейтенант Ҳилола Неъматова ана шундай қўшқанотлардир.
Паяриқдан Самарқанд туманига келин бўлиб тушган Ҳилола келинлик вазифаларини бажариш, қайнона-қайнотани рози қилиш ва рўзғор юмушларини бадастир қилишга ҳам улгуради.
Уларни бирлаштирган ришта фақат оилавий меҳр эмас. Уларнинг тақдири бир касб, бир масъулият билан уйғунлашган. Икки ҳамкасб, икки қалб, аммо бир мақсад - эл-юрт осойишталиги. Хизматда уларнинг вазифалари турлича: бири хотин-қизлар билан ишлаб, уларнинг дарду ташвишларига қулоқ тутса, иккинчиси жамоа фаолиятини бошқариб, ҳудудда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга масъул.
Кун давомида хизмат ташвишлари, одамлар мурожаатлари, турли муаммо ва масъулиятли қарорлар. Бундай вазиятларда инсонга энг яқин кишисининг қўллаб-қувватлаши катта куч беради. Дадахон Ёқубов ва Ҳилола Неъматова оилада ҳам бир-бирини қўллаб, касбий фаолиятда ҳам тушуниб, руҳлантириб келмоқда. Чунки бир соҳада хизмат қиладиган инсонлар бир-бирининг машаққатини сўзсиз англайди. Баъзан бир оғиз «ҳаммаси яхши бўлади» деган сўз, баъзан эса оддийгина самимий нигоҳ ҳам чарчоқни енгишга, янада куч билан ишлашга ундайди.
Оилада меҳр ва ҳурмат, хизматда интизом ва масъулият. Бу икки тушунча уларнинг ҳаётида уйғунлашиб кетган. Ҳа, ҳар қандай қийинчилик, касбдаги машаққатлар, турмушдаги муаммоларни енгиб ўтишда жуфтлик бир-бирига ишонч бағишласа, у фақат юксалишлар сари интилади, хизматга бўлган ғайрати ҳам янада мустаҳкам бўлади.
Катта лейтенантлар Дадахон Ёқубов ҳамда Ҳилола Неъматова бўш вақтларида, албатта, спорт билан шуғулланишни канда қилишмайди. Уларнинг бир ёшли жажжи фарзанди Амирбек эса оиланинг қувончи, ота-онасининг ишончидир.
Дадахон Ёқубов ва Ҳилола Неъматова учун хизмат ва оила бир-бирини тўлдирувчи икки қанотдир. Бу қанотларнинг парвози бир манзилга - эл ишончи, оила фаровонлиги ва юрт тинчлиги сари йўналган. Улар бир-бирини баландлатиш учун қанот қоқишади. Зеро, елкадош инсон билан босилган йўлнинг машаққати енгил, мақсади эса янада улуғ бўлади.
© «Постда» газетаси, Умида МАМАДАЛИЕВА, Самарқанд вилояти.
