БААдан Ўзбекистонга халқаро қидирувда бўлган олти нафар фуқаро экстрадиция қилинди
2026-10-05 17:35:00 / Янгиликлар

Халқаро полиция ҳамкорлиги йўналишида изчил ва мувофиқлаштирилган ишларнинг натижаси ўлароқ, Бирлашган Араб Амирликларидан Ўзбекистон Республикасига турли оғирликдаги жиноятларни содир этганликда гумонланиб, Интерпол каналлари орқали халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон Республикасининг олти нафар фуқароси экстрадиция қилинди.
Мазкур экстрадиция Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси ва БААдаги Миллий марказий бюроси ўртасида йўлга қўйилган кўп йиллик ҳамкорлик, шунингдек, икки давлат ваколатли органлари ўртасидаги тўғридан-тўғри ишчи алоқаларни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишларнинг амалий натижасидир.
Ушбу ҳамкорликни ривожлантиришда икки давлат бюро вакилларининг халқаро майдонлардаги мунтазам ишчи учрашувлари ва мулоқотлари, жумладан, Интерпол Бош Ассамблеяси, Интерпол Миллий марказий бюролари раҳбарларининг учрашувлари ҳамда бошқа халқаро тадбирлар доирасидаги алоқалари муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур учрашувлар давомида эришилган келишувлар ва йўлга қўйилган ишчи алоқалар мамлакат ҳудудидан ташқарида яшириниб юрган шахсларни қидириш ва қайтариш бўйича ахборот алмашинувини тезкор амалга ошириш ҳамда ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш имконини бермоқда.
Ўзбекистон ва БАА Интерпол Миллий марказий бюроларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари, шунингдек, икки давлат ваколатли органларининг ўзаро ҳамкорлиги натижасида зарур тартиб-таомиллар амалга оширилиб, халқаро қидирувда бўлган олти нафар фуқарони Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилиш таъминланди.
Жорий йил бошидан буён ИИВ Интерпол ММБ ташаббуси билан қидирувда бўлган 16 нафар шахс БААдан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.
Мазкур натижа Интерпол йўналиши бўйича халқаро ҳамкорликнинг амалий самарадорлигини яққол намоён этиб, трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, жиноят содир этган шахсларнинг жавобгарликдан қочиб қутулишига йўл қўймасликда икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасидаги барқарор ишчи алоқаларнинг муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси хорижда яшириниб юрган шахсларнинг турган жойини аниқлаш ҳамда уларни қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасига қайтариш борасидаги ишларни изчил давом эттирмоқда.
Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси



