“Уч авлод” вакиллари Андижонда: тажриба, билим ва авлодлар мулоқоти — VI Республика конференцияси бошланди
2026-10-05 16:10:00 / Янгиликлар

Мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Кексалар ҳафталиги” доирасида ички ишлар органларида узоқ йиллар хизмат қилган фахрийларни эъзозлаш, уларнинг бой ҳаётий ва касбий тажрибасини ёш авлодга етказишга қаратилган қатор тадбирлар ташкил этилмоқда.
Шу муносабат билан Андижон вилоятида ИИО “Уч авлод” маслаҳат кенгашининг VI республика конференцияси ўтказилмоқда. Унда вазирлик масъуллари, Фахрийлар кенгаши вакиллари, ҳудудий ички ишлар органларидан ташриф буюрган фахрийлар ҳамда ёш ходимлар иштирок этмоқда.
Уч кунлик дастурнинг дастлабки икки куни мазмунли ва кўтаринки руҳда ўтди. Иштирокчилар учун авлодлар ўртасидаги ворисийликни мустаҳкамлаш, фахрийларнинг тажрибасини ёшларга етказиш, ўзаро мулоқот ва тажриба алмашишга қаратилган турли тадбирлар ташкил этилди.
Хусусан, “Фахрийлар ва ёшларни илм бирлаштиради” ғояси асосида “Заковат” интеллектуал танлови ўтказилди. Қизғин баҳслар якунига кўра, Андижон вилояти жамоаси 1-ўринни, Навоий вилояти жамоаси 2-ўринни, Сирдарё вилояти жамоаси эса 3-ўринни эгаллади.
Шунингдек, “Энг фаол фахрий ходим” танлови ташкил этилиб, иштирокчиларнинг билим ва тажрибаси, жамоат ишларидаги фаоллиги ҳамда ёш ходимларга ўрнак бўлаётган жиҳатлари баҳоланди.
Дастур доирасида фахрийлар Андижоннинг тарихий қадамжолари ва музейларига ташриф буюриб, маданий-маърифий саёҳатларда иштирок этдилар. Фахрийлар кенгашлари раислари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож фахрийлар ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий мулоқотлар ўтказилди.
Бундай учрашувлар фахрийлар тажрибаси, амалдаги ходимлар салоҳияти ва ёшларнинг шижоатини бир мақсад атрофида бирлаштириб, авлодлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва тажриба алмашинувини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.









