Генералнинг ҳаёт формуласи. Синовларда синмаган сабот
2026-10-04 04:20:00 / Янгиликлар

Инсон умри текис ва равон йўлдан иборат эмас. Ички ишлар органлари тизимида ўзининг адолатпарварлиги ва букилмас иродаси билан ном қолдирган генерал майор Талъат Субҳонович Сатторовнинг ҳаёт йўли ана шундай шиддатли, зиддиятли ва синовли даврлар ичра кечган.
У хизмат фаолияти давомида иккита вилоятда ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари ва тўртта вилоят ИИБ бошлиғи лавозимларида ишлаб, ИИ даражали «Шон-шараф» ордени ва «генерал майор» олий унвонига сазовор бўлган.
Куртак очган орзулар
Талъат Саттаров 1955 йилда Самарқанд шаҳридаги зиёли оилада дунёга келди. Отаси Субҳон ота қурилиш ташкилотида раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилган, онаси Мунаввара ая эса мактабда узоқ йиллар ёшларга билим берган оқила аёл эди. Оиладаги тартиб, тарбияга бўлган кучли эътибор ва китобга муҳаббат бўлажак ИИО ходимининг характерини эрта шакллантирди. У мактаб давридаёқ интизоми ва интилувчанлиги билан ажралиб турадиган ўқувчи эди. Ёш йигитчанинг қалбида ички ишлар органларида хизмат қилиш орзусининг куртак очишига Тошкент шаҳар ИИБ бошлиғи бўлиб ишлаётган амакиси, генерал майор Ислом Сатторовга ҳавас сабаб бўлган.
Бироқ Талъат Сатторов ҳеч қачон амакисининг обрў-эътибори ёки юқори мавқеидан фойдаланмади. У илк қадамлариданоқ барча ютуқларга фақат ўз кучи, тинимсиз изланиши ва сабр-тоқати эвазига эришишни мақсад қилди. Бу унинг ҳаётий тамойилига айланди.
Армиядан олинган сабоқ
Ички ишлар соҳасига киришдан аввал Талъат Сатторов ҳақиқий аскарлик мактабини ўтади. Тинч океани флотидаги уч йиллик хизмат ёш йигитни жисмонан ва руҳан чиниқтирди. Ҳарбийдан қайтгач, ички ишлар органларида хизматни энг пастки бўғиндан бошлади. Тошкент шаҳар ИИБнинг чўнтак ўғриларига қарши кураш бўлимида сержант унвонида фаолият юритаркан, аввал пойтахтнинг ҳар бир автобуси, трамвайи ва кўчасини яхшилаб ўрганди. Устозларидан соҳанинг сир-асрорларини ўрганиб, бир нечта жиноятларни очишда бевосита иштирок этди. ИИВ Тошкент олий мактабини муваффақиятли тамомлагач, пойтахт ИИБ ЖҚБда ҳамда ИИВ Транспорт бошқармасида ўз фаолиятини давом эттирди.
Ҳақиқатнинг қарор топиши
1980 йилларда бошланган «ўзбеклар иши» бўрони Сатторовлар хонадонини ҳам четлаб ўтмади. Аввалига генерал майор Ислом Сатторов, кўп ўтмай эса ёш Талъат Сатторов ҳам сохта айбловлар билан ҳибсга олинди. У умрининг энг гўзал уч йилини панжара ортида ўтказишга мажбур бўлди. Бу сулола учун чексиз изтироб, руҳий қийноқ ва мислсиз синовлар даври эди.
Генерал майор Ислом Сатторовнинг волидаи муҳтарамаси, Талъатжоннинг суюкли бувиси Нарзияхон ая кексайиб, соғлиғи анча заифлашиб қолган эди. Шу боис яқинлари муштипар онахонни асраб-авайлаш мақсадида бу мудҳиш фожиани сир тутишга уринишди. Уларга ўғли ва набираси «Москвага малака ошириш учун кетишди», дея тасалли беришди. Лекин она қалбини алдаб бўлармиди? Нарзияхон ая ич-ичидан содир бўлаётган адолатсизликни, жигарбандларининг бошига тушган кўргиликни сезиб, куйиб-ёнарди.
Бир куни у мунгли кўзларини ўзини овутаётган яқинларига тикиб, ушбу сўзларни айтди: «Майли, Талъатку ҳали ёш, унинг ўқишга кетганига ўзимни ишонтирай... Аммо ўғлим Ислом аллақачон генерал бўлса, ундан юқори яна қандай унвону мартаба борки, уни ўқишга жўнатишса?! Мени алдаманглар, болаларим...»
Онахоннинг ушбу ўкинч ва изтироб тўла сўзлари хонадон аҳлининг юрагини тилка-пора қилди. Онаизор адолатсизлик қурбони бўлган ўғли ва набирасининг азоб чекаётганини руҳан ҳис қилиб, уларнинг соғинчи билан яшади. Бу сабр ва матонат, айни пайтда эса мустабид тузумнинг инсонлар қалбига солган битмас-туганмас жароҳати эди.
Дийдорга тўймаган Дилшодбек
Талъат Сатторов қамалган пайтда унинг тўнғич ўғли Дилшодбек бор-йўғи икки ёшли гўдак эди. Энг азобли лаҳзалар қамоқхонадаги учрашувлар эди. Турмуш ўртоғи икки яшар гўдакни кўтариб келарди. Ўртада қалин ойна. Бир-бирининг овозини эшитиш учун фақатгина телефон гўшаги. Икки ёшли болакай отасининг иссиқ бағрини, меҳрини қумсарди. У кичкина қўлчалари билан муздек ойнани силар, нариги томонда турган отасига талпинарди.
Генерал ўша кунларни эслаб шундай дейди:
— Камерада ўтирганингда, хаёлдан нималар ўтмайди дейсан... Ота-онанг, ёш аёлинг, мурғак гўдагинг. Ойнанинг нариги томонида ўғлим менга қараб талпинар, лекин мен уни бағримга босолмасдим. У мени қамоқда эмас, балки даволанишда, касалхонада деб ўйларди. Ҳар гал кетишганда, юрагимнинг бир парчаси узилгандай бўларди.
Бироқ Талъат Сатторовнинг иродаси букилмади. У адолат учун курашди. Иш бир неча бор қайта кўрилди. Ниҳоят, адолат қад ростлади — Олий суд уни тўлиқ оқлаб, қамоқхонадан озод қилди. У ички ишлар тизимига қайта тикланди, унвонлари қайтарилди. Бу синмаган, букилмаган ўзбек ўғлонининг ҳақиқий ғалабаси эди.
— Отам бизга бутун умр фақат ҳалол яшашни, юртга сидқидилдан хизмат қилишни ўргатди, — дейди Дилшодбек. — Падари бузрукворим ноҳақлик қурбони бўлиб қамалганида, онам адолатни тиклаш учун қўлидан келганча ҳаракат қилди. Энг муҳими, отамга руҳий мадад бўла олди. Биз отамдан матонат ва сабр-бардошни ўрганган бўлсак, онамдан тўғри тарбия ва меҳр олдик. Улар доимо масъулиятли хизматда бўлгани боис, тарбиямиз ва рўзғорнинг бор саришталиги тўлиқ онамнинг елкасида эди. Мана шундай ота-онамиз борлигидан фахрланамиз.
Мудҳиш жиноятнинг фош этилиши
Талъат Сатторов Фарғона вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаётган вақтда Данғара туманида жуда мудҳиш жиноят рўй беради. Вилоят бўйлаб такси ҳайдовчилари изсиз йўқола бошлайди. Дастлаб бу оддий бедарак йўқолиш деб гумон қилинган бўлсада, тез орада вазият ўта жиддий тус олди. Т. Сатторов буни ўз назоратига олди ва қўл остидаги ходимлар билан ишга киришди. Аввалига жиноятни очиш чўзила бошлади, кейин кутилмаганда калаванинг учи топилди. Йўқолган ҳайдовчилардан бирининг ўғли тезкор ходимлар билан бирга Данғара ва Қўқон тумани чегара ҳудудидаги автомобиллар эҳтиёт қисмлари сотиладиган бозорда юришганда, сотилаётган «Жигули» машинасининг ўт олдириш қулфида турган калит брелоги отасига тегишли эканини таниб қолади. Мана шу калит брелоги ички ишлар ходимларига қотилларнинг изини топишда қўл келди.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу даҳшатли қотилликларни эр-хотин содир этаётгани фош этилди. Улар йўл четида турган таксиларни ёллаб, хилват жойларга боришган. Сўнг ҳайдовчини «уйимизда бир пиёла чой ичиб кетинг» деб алдаб, ўз хонадонларига бошлаб келишган ва уларни шафқатсизларча ўлдириб, мурдасини ҳовлининг ўзига кўмиб юборишган. Машиналарни эса бўлакларга бўлиб сотишган.
220 нафар курсдошдан ягона генерал
2026 йилнинг май ойида Фарғона вилоятида ўзига хос тарихий учрашув бўлиб ўтди. 1982 йилда Талъат Субҳонович билан ИИВ Тошкент олий мактабини битирган бир гуруҳ курсдошлар дийдор кўришишди. Ўшанда улар 220 нафар эди. Йиллар ўтиб, уларнинг кўплари бу дунёни тарк этди, баъзилари эса соғлиғи сабабли кела олмади. Шу боис Фарғонада 40 нафар битирувчи жам бўлди.
Энг эътиборли жиҳати шундаки, 220 нафар курсдошдан фақатгина бир киши — Талъат Сатторов генерал майор мақомигача кўтарилди. Шунинг ўзиёқ унинг нақадар матонатли, пўлат иродали, сабр-бардошли ва ўз касбига фидокор инсон эканлигининг исботидир.
— Биз Талъат Сатторов билан беғубор йигитлик даврида танишдик, мана, дўстлигимизга 40 йилдан ошди, — дейди истеъфодаги подполковник Тўйчи Самиев. — У ҳақиқий маънода суянса бўладиган, иродаси мустаҳкам, барчага маслаҳатларини аямайдиган самимий инсон. Бошидан ўтган ноҳақлик синовларида оиласининг чеккан заҳматлари ва унинг мардонавор тура олгани ҳақиқий матонат намунасидир.
Устозлар Ўгити, шогирдлар эҳтироми
Инсоннинг касбий камолоти ва зафарлар чўққисига чиқишида тўғри йўл кўрсатган устозлар ўгити ҳамда унинг мактабини давом эттирувчи содиқ шогирдлар ардоғи неъмат — аслида. Генерал майор Талъат Сатторовнинг хизмат йилларидаги илк муваффақиятлари ва жиноятчиликка қарши курашда тобланишида биринчи устози полковник Ҳайдар Азизовнинг хизмати беқиёс. Соҳа сирларини мукаммал ўргатган устози подполковник Сергей Арутюнов ҳамда полковник Марс Қосимовларнинг ҳаётий сабоқлари ҳам бўлажак раҳбар учун ҳақиқий мактаб вазифасини ўтади.
Генералнинг бошига тушган мудҳиш адолатсизлик йилларида синмаслиги, тизимга қайтиб улкан зафарларни қучишида вазирлик раҳбарияти ва устозларнинг ишончи катта таянч бўлди. Айниқса, мустақил юртимиз ички ишлар тизимининг тамал тошини қўйган ардоқли раҳбар, генерал-полковник Зокир Алматовнинг кўрсатган ғамхўрлиги, юксак эътибори ва чексиз ишончини Талъат ака бугун ҳам алоҳида фахр билан тилга олади.
Мана шундай буюк устозларнинг дуосини олган қаҳрамонимизнинг ўзи ҳам республика миқёсида юзлаб фидойи ходимларни тарбиялаган устозга айланди.
Оила унинг таянчи
Бугунги кунда генерал оила бағрида ибратли ҳаёт кечирмоқда. Унинг ёнида узоқ йиллар, энг оғир ва суронли кунларда ҳам содиқ елкадош бўлган, ҳаётнинг машаққатли синовларини биргаликда мардонавор енгган рафиқаси билан биргаликда уч фарзандни тарбиялаб, уйли-жойли қилишди.
Эътиборлиси шундаки, оиладаги муҳит, отанинг адолат ва қонун устуворлиги йўлидаги фидойилиги фарзандларнинг тақдир йўлини ҳам белгилаб берди. Дилшодбек, Цитора ҳамда Шаҳзод ота касбига юксак ҳурмат руҳида улғайиб, ҳуқуқшунослик соҳасини танлашди. Бобосининг жасорати ва ибратли ҳаёт йўлидан фахрланувчи набиралар эса сулоланинг эртанги куни, келажакнинг янги ғунчаларидир.
© «Постда» газетаси, Сарвар Собиров, Тошкент шаҳри.


