Инсон қадри учун. Мулоқот ва амалий ечим майдони
2026-10-03 11:25:00 / Янгиликлар

ИИВ «Жар» спорт-соғломлаштириш комплексида бўлиб ўтган қабулда инсон қадри, унинг муаммолари эътибор марказида турди. Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, полковник Тимур Исмаилов, вазир ўринбосари, полковник Диёрбек Саттаров, Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи, полковник Азизхон Умархонов, Тергов департаменти масъуллари ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев қабулга келган фуқароларнинг мурожаатларини тинглади.
Куннинг биринчи ярмида пойтахт ва Тошкент вилояти аҳолисининг мурожаатлари кўриб чиқилган бўлса, тушдан сўнг видеоконференсалоқа воситасида Қорақалпоғистон Республикаси ва қолган барча вилоятлар фуқаролари учун масофавий мулоқот муҳити яратилди.
Мулоқот чоғида одамларни қийнаб келаётган турфа масалалар ортидаги ҳаётий ҳақиқатлар намоён бўлди. Фуқаролар ўртасидаги молиявий низолар, суриштирув ва тергов жараёнидаги англашилмовчиликлар, ижтимоий ҳимояга муҳтожлик, аввалги иш жойига қайтиш ва бошқа кўплаб ҳуқуқий муаммолар юзасидан очиқ ҳамда атрофлича фикр алмашилди.
Марказий қабулда жами 457 та мурожаат рўйхатга олиниб, уларнинг 164 таси, яъни 36 фоизи жойида ижобий ҳал этилди. Чуқурроқ ўрганишни ва ҳуқуқий ечимни талаб этадиган 293 та масала эса қатъий назоратга олиниб, тегишли соҳавий хизматларга йўналтирилди.
Ҳудудлардаги раҳбарлар томонидан ўтказилган қабулларда эса 337 та мурожаат қабул қилиниб, шундан 107 таси бевосита жойида ўз ечимини топди, қолган 230 та мурожаат бўйича тегишли мутасаддиларга синчковлик билан текширув ўтказиш ва ҳуқуқий баҳо бериш борасида топшириқ берилди.
Сайёр қабуллар — аҳоли ва давлат ўртасидаги ишонч кўпригидир. Улар фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга, мавжуд муаммоларни жойида ўрганиб, тезкор ва адолатли ҳал этишга хизмат қилмоқда. Бу каби мулоқотлар юртимизнинг барча ҳудудларида изчил ва мунтазам равишда давом эттирилади, чунки халқ розилиги — соҳа фаолиятининг энг олий ва тўғри баҳосидир.
А. Поёнов
