«Энг яхши терговчи» ва «Энг яхши тергов жамоаси» кўрик-танловининг республика босқичи якунланди
2026-10-03 10:15:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг қуйи бўлинмаларида хизмат қилаётган суриштирувчилар ва терговчилар ўртасида «Энг яхши терговчи» ва «Энг яхши тергов жамоаси» номинациялари бўйича кўрик-танловнинг республика босқичи бўлиб ўтди.
Кўрик-танлов ички ишлар органлари тергов бўлинмалари шахсий таркибининг касбий тайёргарлигини такомиллаштириш, билим савиясини ошириш, хизмат, жанговар ва жисмоний тайёргарлигини кучайтириш ҳамда амалий кўникмаларини баҳолаш мақсадида ташкил этилди.
Республика босқичида ҳудудий босқичларда биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган ходимлар иштирок этдилар. Беллашувлар ходимлар ҳамда ҳудудий бўлинмалар жамоалари ўртасида ўтказилди.
Иштирокчилар қуйидаги бешта шарт бўйича баҳслашдилар:
-жисмоний тайёргарлик — турникда тортилиш, 100 ва 3000 метр масофаларга югуриш;
-жанговар тайёргарлик — пистолетни тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш ҳамда қуролдан ўқ отиш;
-интеллектуал ва индивидуал психологик хусусиятларни аниқлашга қаратилган тест синовлари;
-билим даражасини аниқлашга қаратилган тест синовлари;
-назарий билимларни суҳбат орқали баҳолаш.
Суҳбат давомида иштирокчиларнинг Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларини амалиётда қўллаш, Олий суд Пленуми қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ички ишлар органлари фаолиятига оид халқаро ҳуқуқий нормалар бўйича билимлари баҳоланди. Шунингдек, дастлабки тергов жараёнида инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда хизмат фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан билим савияси синовдан ўтказилди.
Қизғин ва муросасиз баҳслар якунида энг яхши иштирокчилар аниқланиб, кўрик-танловнинг жорий йилги республика босқичи якунланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 августдаги «Ички ишлар органларида энг яхши ходимларни аниқлаш бўйича республика танловини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 539-сон қарорига мувофиқ, танлов ғолибларини ҳар йили 25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари кунини нишонлаш чоғида эълон қилиш белгиланган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти





