Ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш ва манзилли профилактика самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди
2026-10-03 10:00:00 / Янгиликлар

Наманган вилояти ҳокимлигида ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар вакиллари, масъуллар ҳамда ёшларга бириктирилган ходимлар иштирок этди.
Йиғилишда ҳудудларда ёшлар билан ишлаш, уларни салбий таъсирлардан асраш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Айниқса, оталиққа олинган ёшларнинг муаммоларини ўрганиш, эҳтиёжларидан келиб чиқиб манзилли ёрдам кўрсатиш ҳамда профилактика чораларининг натижадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ёшлар томонидан содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари ҳамда уларга имкон бераётган шарт-шароитларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди. Бу борада ички ишлар органлари, маҳалла, таълим муассасалари ва оилалар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Ҳар бир ҳудуддаги мавжуд муаммолардан келиб чиқиб, ёшлар билан индивидуал ишлаш самарадорлигини ошириш, масъулларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш ҳамда белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати





