Интерпол каналлари орқали қидирувда бўлган жиноятчи Грузиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди
2026-10-03 09:55:00 / Янгиликлар

Интерпол йўналиши бўйича самарали ҳамкорлик натижасида республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддасининг 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда халқаро қидирувда бўлган фуқаро Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилиниши таъминланди.
Тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш давомида қидирувда бўлган шахснинг Грузия ҳудудида эканлиги аниқланди. Ўзбекистон ва Грузия Интерпол Миллий марказий бюролари ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари туфайли мазкур иш бўйича кейинги барча босқичларда зарур ахборот ва ташкилий кўмак таъминланди.
Жумладан, Ўзбекистон ва Грузия томонларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари натижасида мазкур шахс Грузиянинг ваколатли органлари томонидан ушланди. Кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг экстрадиция тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилиб, қонунчиликда назарда тутилган тартиб-таомиллар якунланганидан сўнг жиноятчини ўзбек томонига топшириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Интерпол миллий марказий бюролари ходимларининг бевосита иштирокида қидирувдаги шахс Грузиядан экстрадиция қилиниб, қонунчиликка мувофиқ кейинги процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасига олиб келинди.
Мазкур экстрадиция одил судловдан яшириниб юрган шахсларнинг турган жойини аниқлаш, уларни ушлаш ва мамлакатга қайтарилишини таъминлашга қаратилган изчил ва мувофиқлаштирилган ишлар, шунингдек, Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги ММБ ва унинг хорижий ҳамкорлари ўртасида халқаро учрашувлар доирасида олиб борилган музокаралар ҳамда эришилган келишувларнинг навбатдаги натижаси бўлди.
Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро қидирувдаги шахсларни қидириш, ушлаш ва экстрадиция қилиш борасида самарали ўзаро ҳамкорликни таъминлаш бўйича ишларни давом эттирмоқда.
Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси

