Ички ишлар вазирлиги академиясида «Фан, таълим ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиёти ўртасида инновацион ҳамкорлик» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди
2026-10-03 09:50:00 / Янгиликлар

Гибрид форматда ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти вакиллари ҳам иштирок этди.
Конференцияда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, фан, таълим ва амалиёт интеграциясини кучайтириш ҳамда илғор халқаро тажриба асосида инновацион таълим имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир аввалида академия бошлиғининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари Насиба Турғунова сўзга чиқиб, анжуманнинг долзарб аҳамиятини таъкидлади. У ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини трансформация қилишга қаратилган қарорда белгиланган устувор вазифалар ва амалиётга жорий этилаётган янги механизмлардан кутилаётган натижаларга тўхталди.
Анжуманда мамлакатимиздаги соҳа ташкилотлари билан бир қаторда Россия, Тожикистон ва Қирғизистон вакиллари ҳам маъруза қилди. Жиноятчиликнинг ўзгариши шароитида кадрлар тайёрлаш, жамоат хавфсизлиги соҳасида инновацион ҳамкорлик, таълим ва амалиёт интеграцияси, шунингдек сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиб содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.






