Касбидан камол топганлар. Инсон тақдирига дахлдорлик
2026-10-02 12:35:00 / Янгиликлар

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, истеъфодаги полковник Алишер Шарофутдинов билан суҳбатлашганда унинг умри тергов жараёнларида, жиноят ишлари жилдлари орасида, прокурор ва экспертлар билан баҳс-мунозараларда, энг муҳими, юзлаб-минглаб инсонларнинг тақдири билан боғлиқ мураккаб қарорлар қаршисида кечганини ҳис қилдик.
Касбий маҳорати, ҳуқуқий билими ва орттирган тажрибаси Тошкент шаҳар тергов тизимидан Ички ишлар вазири ўринбосарлигига, кейин эса Бош прокурор ўринбосари лавозимига олиб чиққан.
А. Шарафутдинов пенсияга чиққанидан кейин яна сафга қайтди — бу сафар устоз сифатида. ИИВ Академиясида ёш мутахассисларга дарс бериб, кўп йиллик амалий бой тажрибасини улар билан баҳам кўриб келмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институтида тергов ва криминология йўналишида илмий-амалий фаолият билан уйғунлаштириб, соҳа ривожига ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.
УЧ ЙИЛГА РEЖАЛАНГАН ЙЎЛ — ЎТТИЗ УЧ ЙИЛЛИК УМР
Кўпчилик билади, отам Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов, онам эса «Ўзбекфилм»да узоқ йиллар дубляж муҳаррири бўлиб ишлаган Шарофат Қўшбоева. Оилада уч нафар фарзанд бўлганмиз, акам ва опам адабиётшунослик йўналишини танлашди, фақат мен ҳуқуқшуносликка қизиқдим. Бу қизиқишга, эҳтимол, мактабда «Ҳуқуқ асослари» фани ўқитувчимиз сабаб бўлгандир.
Хуллас, Тошкент давлат университетининг юридик факультетига ҳужжат топширдим. Аммо битиргунимга қадар қаерда ишлайман, деган саволга жавоб тополмай келардим. Бир куни касб танлаш масаласида отам билан суҳбатлашдик. Университетда дарс бергани учун мен: «Дада, мен ҳам сизга ўхшаб домла бўлсаммикан?» дедим. «Агар домла бўламан десанг, илм билан шуғуллан. Бу игна билан қудуқ қазигандек машаққатли иш», деди. Олийгоҳни тамомлаганимизда, ўша давр тартиби бўйича мен ички ишлар органлари ихтиёрига юборилдим ва ҳозирги Олмазор туманига терговчи этиб тайинландим.
Илк хизмат даврларимни эсларканман, устозларимни алоҳида миннатдорлик билан тилга оламан. Тергов бўлими бошлиғи Наби Абдуқодиров ва прокуроримиз Азиз Муҳаммадалиев менга катта эътибор билан қарарди. Ёш ходимни ишдан бездириб қўймасликка ҳаракат қилиб, эҳтиёткорлик билан муомала қилишарди. Бирон марта қаттиқ уришганини эслай олмайман. Жуда бўлса: «Мулла йигит, афандимисиз?» дерди. Биз учун шунинг ўзи катта танбеҳ эди.
Хуллас, вақт ўтиши билан ишнинг сир-асрорларини англай бошладим. Уч йил деганда, раҳбарият эътиборига тушадиган терговчи бўлиб қолдим. Ишларимдан ўзим ҳам роҳат туярдим. Бир куни отам яна ўша гапни эслаб: «Мана, уч йил ҳам ўтди, анча ишлаб қўйдинг. Терговчилик фаолиятини ҳам яхши ўзлаштирдинг. Энди буёғига домлалигингни қилгин», деди. Лекин бу сафар менинг жавобим бошқача бўлди: «Дада, менга ишим жуда маъқул бўлиб қолди. Келинг, мен шу йўналишда ишлай», дедим. Шундан кейин уч йиллик режа ўзгартириб, ўттиз уч йилга айланди.
ТEРГОВЧИНИНГ МУҲИМ ҚУРОЛИ — ҲАҚИҚАТ
Терговчилик — қонунларни ҳаётнинг мураккаб ва зиддиятли воқеалари билан тўқнаштириб, ҳақиқатни излаш касби. Бу касбда инсон тақдири, унинг эркинлиги, шаъни ва келажаги билан боғлиқ қарорлар қабул қилинади. Шунинг учун ҳам ҳақиқий терговчига фақат ҳуқуқий билимнинг ўзи камлик қилади. Ундан теран ақл, мантиқий фикрлаш, холислик, сабр-тоқат, одамлар билан мулоқот қила олиш, энг муҳими, ҳақиқатга садоқат талаб этилади.
Терговчи ҳар қандай иш ҳолатини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириши керак. Унинг ҳар бир қарори ҳақиқий ҳолатларга асосланиши, далиллар билан мустаҳкамланиши лозим. Тергов жараёнида шаклланадиган ички ишонч ҳам ана шу тамойилларга таянади. Ички ишончни гумон билан адаштирмаслик керак. Гумон — изланишнинг бошланиши, ички ишонч эса далиллар ҳар томонлама текширилиб, таҳлил қилинганидан кейин шаклланади. Терговчи гумонланувчи келтираётган важларни ҳам синчиклаб ўрганиши, уларни тасдиқлаши ёки асоссиз эканини далиллар билан кўрсатиши керак. Шунинг учун терговчи дастлабки гумонданоқ инсонни айбдор деб қабул қилиб қўймаслиги лозим. Терговнинг вазифаси мавжуд тахминни тасдиқлайдиган ёки инкор этадиган далилларни тўплаш ва уларга қонуний баҳо беришдан иборат. Агар айбни исботлашнинг имкони бўлмаса, терговчи ўзининг аввалги тахминига ёпишиб олмаслиги керак. Исботлаш қўлингдан келмадими, қўлингни кўтаргин, узрингни сўрагин, қайтага ўша жиноятни очиш методикаларини чуқурроқ ўргангин. Чунки чала терговнинг оқибати бир инсон тақдири билан чекланиб қолмайди. Давлат органининг хатоси одамларнинг давлатга бўлган ишончига ҳам таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун қарор қабул қилаётганда етти марта эмас, етмиш марта ўлчаб, ундан кейин кесиш мақсадга мувофиқ бўлади.
ЭНГ КАТТА ИСТАК
Ҳар бир жиноятнинг очилиши — терговчининг энг катта истаги. Лекин терговчилик фаолиятида очилмай қоладиган жиноятлар ҳам учрайди. Барча жиноятни мутлақо юз фоиз очишни талаб қилиш эса ҳаётнинг мураккаблигини, инсон омилини ҳисобга олмаслик бўлади. Чунки жиноят содир этган одам, табиийки, уни яширишга ҳаракат қилади. Кимдир изларни шундай беркитадики, уни фош қилиш осон бўлмайди. Лекин очилмаган иш терговчи учун тугаган иш дегани эмас. Қонун доирасида терговни давом эттиришнинг имкони бўлмаган ҳолатларда иш белгиланган тартибда тўхтатилиши мумкин. Аммо бу билан ишга қизиқиш ҳам, жиноятни очиш ҳаракати ҳам тўхтаб қолмайди. Тезкор-қидирув тадбирлари давом этади. Илгари тўхтатилган ишлардан кейинчалик очилганлари ҳам бор.
Биласизми, мен учун очилмаган жиноятнинг энг оғир томони — жабрланувчининг кўзларига қараш. Чунки у терговчининг олдига ишонч билан келади. «Шу ишни очиб беринг», деб умид қилади. Терговчи ҳозирча натижага эриша олмаган бўлиши мумкин. Аммо шу пайтда ҳам жабрланувчи терговчининг ҳаракатини, ишга муносабатини кўриши керак. Шунинг учун мен доим ёш терговчиларга: «Кўпроқ гаплашинг, жабрланувчининг фикрини олинг, нима қилаётганингизни тушунтиринг», деб айтаман.
ҚИЙНОҚ — ТEРГОВНИНГ ЙЎЛИ ЭМАС
Кейинги йилларда қийноқларнинг олдини олиш, ушланган ва қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий ва ташкилий чоралар кучайтирилди. Адвокатнинг судга қадар иш юритишдаги иштироки ва ваколатлари кенгайди, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари такомиллашди. Тергов жараёнларини видео қайд этиш амалиёти ҳам, менимча, шу мақсадга хизмат қилади. Камеранинг ўзи ҳам маълум маънода назорат.
Ходим ҳар бир ҳаракати қайд этилаётганини билса, қонун талабларига риоя қилиш масъулиятини янада чуқурроқ ҳис қилади. Бу нафақат тергов қилинаётган шахснинг ҳуқуқларини, балки ҳалол ишлаётган терговчининг ўзини ҳам ҳимоя қилади.
Мен доим бир нарсани устувор деб билганман: терговчи гумонни қийноқ ёки босим билан «тан олдириши» эмас, уни далиллар билан исботлаши керак. Чунки қийноқ орқали олинган ҳар қандай «иқрор» ҳақиқатнинг ўзи бўлмаслиги мумкин. Ҳақиқат эса босимдан эмас, холис текширувдан, далилдан ва қонунга асосланган терговдан келиб чиқади. Шунинг учун менинг қатъий ишончим шу: қийноқ — терговнинг йўли эмас. Терговчининг ҳақиқий қуроли — билим, тажриба, қонун ва далил бўлиши керак.
ТEРГОВЧИНИНГ ОРТИДАГИ ИНСОН
Мен аввало терговчи бўлишни танлаётган ёшларнинг ота-оналарига айтган бўлардим: агар фарзандингизнинг терговчи бўлишига туртки берган, розилик билдирган ва қўллаб-қувватлаган бўлсангиз, уни охиригача қўллаб-қувватланг. Чунки терговчилик осон касб эмас. Терговчининг иш вақти аниқ соат билан белгиланмайди. Масалан, кечки соат олтида ҳамма ишдан қайтган пайтда ушланган шахс бўлса, унинг процессуал масаласини белгиланган муддатда ҳал қилиш керак. Жиноят ҳақида ариза ёки хабар келиб тушганидан кейин ҳам қонун белгиланган муддат ичида қарор қабул қилишни талаб қилади. Жиноят иши қўзғатилгандан сўнг эса терговни ҳар томонлама олиб бориб, муайян муддатда хулосага келиш зарур. Шунинг учун ишнинг муддати яқинлашиб қолган бўлса, терговчини эшикдан чиқариб юборсангиз ҳам, у бир йўлини топиб яна иш столига қайтиб келади. «Ҳали битта ишим қолди», деб ўтириб олади. Чунки унинг зиммасида одамларнинг тақдири, ҳужжатлар, далиллар, муддатлар турибди. Буни ота-оналар ҳам, раҳбарлар ҳам тушуниши керак. Ходимнинг икки-уч кунлаб кечаю кундуз ишлаётганини кўриб туриб, иши тугаганидан кейин унга бир-икки кун дам олиш имконини бериш ҳам раҳбарнинг вазифаси. Терговчини фақат хизмат вазифасини бажарадиган ходим деб эмас, оиласи, фарзандлари, ўз ҳаёти бор инсон деб кўриш керак. Оиланинг тушуниши ва раҳбарнинг тўғри муносабати бўлса, терговчи ҳам ишини, ҳам оиласини имкон қадар уйғунлаштириб боради.
Мен ёш терговчиларнинг ота-оналари билан ҳам кўп учрашардим. Улар: «Болам яхши ишлаяпти, рўзғорни ҳам тебратяпти», деб гапиришарди. Шундай пайтларда мен уларга яна бир нарсани тайинлардим: фарзандингиз уйга бирор қимматбаҳо нарса, катта совға ёки имкониятига мос келмайдиган мол-дунё билан келса, аввало: «Буни қаердан олдинг?» деб сўранг. Бу гапнинг замирида ёмон гумон эмас, тарбия бор. Терговчига хизмат давомида турли йўллар билан таъсир ўтказишга, унинг кўнглини олишга, ўз ишини битиришга ҳаракат қиладиган одамлар учрайди. Терговчи ана шуларга қарши тура билиши керак.
ОИЛАМ — ТАЯНЧИМ
Менинг энг кўп фахрланадиган жиҳатларимдан бири — ота-онам билан бирга яшаганим. Фарзандларимнинг тарбиясида энг катта ёрдамчиларим, шубҳасиз, отам ва онам бўлишди. Шу жиҳатдан мен ўзимни бошқаларга нисбатан анча омадли бўлганман, деб ҳисоблайман. Чунки бобо ва бувининг меҳри ва тарбиясида ўсган бола бошқача бўлади.
Турмуш ўртоғим ҳам юрист. У ҳам ўз соҳасида ишлади, унинг ҳам бемалол ишлашига, касбий фаолиятини давом эттиришига ота-онам шароит яратиб беришди. Буни ҳам оиламиз учун катта неъмат деб биламан.
Фарзандларим ҳам менинг йўлимдан кетишди. Икки қизим ва бир ўғлим бор. Қизларимнинг бири адвокатура йўналишини танлаган, иккинчиси банкнинг юридик бўлимида ишлайди. Ўғлим эса хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиб келяпти. Шундай қилиб, мен танлаган касб нафақат ўз ҳаётимнинг, балки фарзандларимнинг ҳам касбий йўлини белгилаб берди. Бу, албатта, мен учун алоҳида фахр.
ОТАМДАН ҚОЛГАН ЭНГ КАТТА МEРОС
Отам ҳақидаги хотираларим жуда кўп. Уйда нечта хона бўлса, деярли ҳаммасида отамнинг китоб жавонлари бўларди. Ҳатто балконда ҳам китоблар турарди. Жавонларда китоблар бир эмас, икки қатор қилиб терилган бўларди. Ҳар бир китоб қаерда турганини отам жуда яхши биларди. Бирорта китоб жойидан ўзгарса, дарров: «Қани, ким олди?» деб сўрарди. «Олсанглар майли, фақат ўқиб бўлгач, яна жойига қўйиб қўйинглар», дерди.
Отам қаерга борсалар ҳам, қайтишда машинани китобга тўлдириб келарди. Ёзувчилар ҳазиллашиб: «Озод домла билан сафарга бориш ҳам муаммо. Беш киши машинада йўлга чиқамиз, домла китоб олавериб, олавериб, охири битта одам машинага сиғмай қолади», деб ёзишганини ҳам эслайман. Ўқиш, изланиш, ёзиш, таржима қилиш — кундалик турмушларининг бир қисми эди.
ТАЖРИБАДАН — ТАДҚИҚОТГА
2024 йилда Криминология тадқиқот институти ташкил этилганда, мени ҳам ишга таклиф қилишди. Бугун институтда жиноятларнинг барвақт олдини олиш бўйича илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Бунда халқаро тажриба, илмий тадқиқотлар, миллий қонунчилик, мавжуд муаммолар, маҳаллий олимларнинг қарашлари, ходимлар фикри ва аҳоли сўровлари ўрганилиб, таҳлиллар асосида амалий тавсиялар тайёрланади. Масалан, Японияда жиноятчилик кўпайган ҳудудларда полиция назоратини кучайтириш билан бирга, ободонлаштириш, ёритиш, хиёбонлар ва жамоат жойларини яхшилашга ҳам эътибор қаратилган. Бу муҳитнинг ҳам жиноятчиликка таъсир қилувчи омил эканини кўрсатади.
Сўнгги йилларда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича кўплаб чоралар кўрилган ва анъанавий жиноятлар камайган. Бироқ жиноятчилик ўзгариб бормоқда, айниқса, кибержиноятлар кўпаймоқда. Шу боис замонавий технологияларни яхши биладиган мутахассислар ва ихтисослашган терговчиларни тайёрлаш муҳим.
Ўз мухбиримиз Адолат Файзиева ёзиб олди.
