ИИВ Ихтисослаштирилган мактаб-интернатида 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган видеоселектор йиғилиши ва байрам тадбири ўтказилди
2026-10-01 14:00:00 / Янгиликлар

Устоз — ёш авлоднинг дунёқараши, маънавияти ва келажакдаги касбий салоҳиятини шакллантирувчи улуғ касб эгасидир. Шу боис юртимизда ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатини қадрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги тизимида ҳам таълим соҳасини ривожлантириш, ёшларга замонавий билим бериш ва уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ИИВ Ихтисослаштирилган мактаб-интернати, 14 та академик лицей ҳамда Нукус шаҳридаги «Темурбеклар мактаби»да 6 минг 358 нафар ёшга 616 нафар устоз ва мураббий таълим-тарбия бермоқда.
2026 йил 26 августдаги ПҚ–303-сон қарор асосида кадрлар тайёрлашнинг «Мактаб — лицей — техникум — Академия — малака ошириш» тамойилига асосланган яхлит экотизими йўлга қўйилди.
30 сентябрь куни ИИВ Ихтисослаштирилган мактаб-интернатида 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган видеоселектор йиғилиши ва байрам тадбири ўтказилди.
Тадбирда Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Саттаров иштирок этиб, устоз ва мураббийларни касб байрами билан самимий қутлади ҳамда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг байрам табригини ўқиб эшиттирди. Табрикда устозларнинг ёш авлодни ватанпарварлик, қонунга ҳурмат ва юксак маънавият руҳида тарбиялашдаги муҳим ўрни алоҳида таъкидланди.
Тантанали қисмда таълим ва тарбия соҳасида самарали меҳнат қилиб келаётган 150 га яқин устоз ва мураббий Вазирликнинг идоравий ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди. Мукофотлар вазир ўринбосари томонидан тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, ҳудудлардаги таълим муассасаларида фаолият юритаётган устоз ва мураббийлар ҳам мазкур буйруқ асосида муносиб рағбатлантирилгани қайд этилди.
Байрам тадбири устоз ва мураббийларга билдирилган самимий тилаклар, юксак эҳтиром ва кўтаринки руҳда якунланди.






