1-октябр — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ички ишлар органларида «Йилнинг энг яхши мураббийи» танлови ўтказилди
2026-10-01 13:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органларида ёш ходимларни касбга садоқатли, билимли ва малакали кадрлар этиб тарбиялашда устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёс.
Зеро, бугун ёш ходимдан хизмат вазифаларини пухта бажариш билан бирга, ўз устида мунтазам ишлаш, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш, ташаббускорлик ҳамда масъулият билан фаолият юритиш талаб этилмоқда. Бу жараёнда устознинг тажрибаси, шахсий намунаси ва йўл-йўриғи шогирд камолотининг муҳим таянчидир.
1-октябр — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ички ишлар органларида «Йилнинг энг яхши мураббийи» танлови ўтказилди.
Унда вазирликнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида ўтказилган саралаш босқичларида ғолиб бўлган устоз ва мураббийлар ўзаро беллашдилар.
Танлов учта шарт асосида ташкил этилди.
Дастлаб иштирокчиларнинг интеллектуал салоҳияти (IQ) тест орқали баҳоланди. Шундан сўнг улар кроссфит машқлари ва ҳарбий эстафета элементларини бирлаштирган «Куч бирликда» синовида жисмоний тайёргарлиги, чаққонлиги ҳамда жамоада ҳамжиҳат ҳаракат қилиш маҳоратини намоён этдилар.
Якуний суҳбатда эса мураббийларнинг йил давомида амалга оширган ишлари, ёш ходимлар билан ишлаш тажрибаси ва эришган натижалари баҳоланди.
Бу йилги танловнинг ўзига хос жиҳати — устозлар билан бир сафда уларнинг шогирдлари ҳам иштирок этганидир. Бу эса устоз-шогирд анъаналарининг амалий ифодасини, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликнинг аҳамиятини намоён этди.
Аёл мураббийларнинг фаол иштироки ва муносиб натижалари ҳам беллашувларга янада кўтаринки руҳ бағишлади.
Қизғин ва муросасиз кечган беллашувлар якунига кўра:
Биринчи ўрин — ИИВ Академияси Хизмат психологияси ва касбий маданияти кафедраси бошлиғи, подполковник Фарфиев Ёкубжон Атхамжановичга;
Иккинчи ўрин — Жиззах вилояти Жиззах шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими Жиноятларни тергов қилиш бўлинмаси бошлиғи, подполковник Каримова Шахноза Бахтиёровнага;
Учинчи ўрин — Хоразм вилояти Урганч шаҳар ИИБ 1-сон ИИБ ҲПГ профилактика катта инспектори, подполковник Артиков Сардорбек Сапарбаевичга насиб этди.
Танлов ғолиби ва совриндорлари тегишли даражадаги дипломлар ҳамда пул мукофотлари билан тақдирландилар.
Мазкур танлов устоз ва мураббийларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш, уларнинг масъулиятли меҳнатини эътироф этиш ҳамда ички ишлар органларида устоз-шогирд анъаналарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.









