ИИВ Малака ошириш институтида 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди
2026-10-01 09:00:00 / Янгиликлар

Унда институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ҳамда соҳа фаоллари иштирок этди. Тадбирда таълим ва тарбия соҳасида кўп йиллик самарали меҳнат қилиб, ички ишлар органлари ходимларини касбий тайёрлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ўқитувчи ва мураббийларнинг фидокорона меҳнати алоҳида эътироф этилди.
Тантанали маросимда фаол ва ташаббускор устозларга Ички ишлар вазирининг 1-, 2-, 3-даражали «Бенуқсон хизматлари учун», «Аъло хизматлари учун» кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлар ҳамда Институт бошлиғининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, тадбир давомида таълим жараёнида замонавий ёндашувларни кенг қўллаб, тингловчиларнинг касбий салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган профессор-ўқитувчиларнинг меҳнати ҳам алоҳида таъкидланди.
Устозларнинг илмий-услубий изланишлари, бой тажрибаси ва касбий маҳорати ички ишлар органлари учун малакали кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Тадбир доирасида институт жамоаси аъзоларига устозлик касбининг шарафи ва масъулияти, ёш ходимларни касбга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ҳуқуқий маданият ва юксак маънавий фазилатларни шакллантириш борасидаги вазифалар хусусида ҳам фикрлар билдирилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида Ички ишлар вазирлигининг Алоҳида намунавий кўргазмали оркестри ҳамда Республика Эстрада ва цирк олий мактаби жамоалари томонидан намойиш этилган мусиқий ва саҳнавий чиқишлар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Тадбир якунида устоз ва мураббийларнинг жамият ҳаётидаги, айниқса, ёш авлодни билимли, ватанпарвар ва касбга садоқатли этиб тарбиялашдаги беқиёс ўрни яна бир бор эътироф этилди.
ИИВ Малака ошириш институти









