1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Жиззах вилоятида педагог аёллар ўртасида «Ички ишлар бошлиғи кубоги» мусобақаси ташкил этилди
2026-10-01 09:00:00 / Янгиликлар

Мусобақанинг асосий мақсади педагог аёллар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг спортга бўлган қизиқишини ошириш, жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, жамоавий ҳамжиҳатлик ва ўзаро дўстона муносабатларни янада ривожлантиришдан иборат бўлди.
Беллашувларда вилоятнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган педагог аёллар жамоалари иштирок этди.
Қатнашчилар волейбол баҳсларида ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, спорт маҳорати, чаққонлиги, тезкорлиги ва жамоавий ҳаракат қилиш қобилиятини намоён этдилар.
Қизғин ва муросасиз кечган волейбол беллашувларида ҳар бир жамоа ғалаба учун бор куч ва имкониятларини ишга солди. Майдондаги кескин баҳслар, аниқ зарбалар ва бирдамликка асосланган ўйинлар мусобақага алоҳида шиддат бағишлади.
Мусобақа якунига кўра, Ғаллаорол туманидаги 26-сон умумтаълим мактаби жамоаси биринчи ўринни эгаллади.
Шароф Рашидов туманидаги 35-сон умумтаълим мактаби жамоаси иккинчи, Бахмал туманидаги 26-сон умумтаълим мактаби жамоаси эса учинчи ўринни қўлга киритди.
Мусобақа сўнгида ғолиб ва совриндор жамоаларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи иштирок этиб, мусобақада юқори натижа қайд этган жамоаларга диплом ва қимматбаҳо совғаларни тантанали равишда топширди.
Тақдирлаш жараёнида иштирокчиларга касбий фаолиятида муваффақиятлар тилаб, ёш авлод таълим-тарбияси йўлидаги шарафли меҳнатларига юксак эҳтиром билдирилди.
Шунингдек, бундай спорт мусобақалари педагоглар ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш, фаол ҳаёт тарзини қўллаб-қувватлаш ҳамда жамоалар ўртасида дўстона ва илиқ муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Шу тариқа, «Ички ишлар бошлиғи кубоги» волейбол мусобақаси кўтаринки руҳда, қизғин ва дўстона тарзда ўтказилиб, иштирокчиларга унутилмас таассуротлар улашди.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати






