Кинология. Из излаб...
2026-09-30 16:25:00 / Янгиликлар

Жиноят изларни топиш ва гумонланувчиларни аниқлашда хизмат итларининг ўрни беқиёс. Буни Яккабоғ туманида содир бўлган ўғрилик жиноятининг фош этилиши ҳам яна бир бор исботлади.
Жорий йилнинг 16 июнь куни туманда яшовчи Х.Тўғаев «112» хизматига мурожаат қилиб, соат 12:00 дан 14:00 гача бўлган вақт оралиғида уйи олдида боғлаб қўйилган бир бош сигири ўғирлаб кетилганини маълум қилди.
Воқеа жойига етиб борган тергов-тезкор гуруҳи таркибида вилоят ИИБ Шимоли-шарқий минтақавий ҳудуди кинология гуруҳи кичик инспектор-кинологи, кичик сержант А.Аликулов «Симба» лақабли хизмат ити билан иштирок этди. Тажрибали кинолог ва «Симба»нинг из қидириш маҳорати туфайли тезкор-қидирув тадбирлари муваффақиятли ўтказилди. Натижада жиноятни Яккабоғ туманида яшовчи С.Ҳамидов содир этгани аниқланиб, ундан ўғирланган чорва моли ашёвий далил сифатида олинди.
Жорий йилнинг ўтган даврида бўлинмамиз ходимлари томонидан бир қатор ташкилий ва амалий тадбирлар бажарилди. Хусусан, жиноятларни қисқа муддатларда фош этиш мақсадида кинологлар тергов-тезкор гуруҳлари таркибида 512 маротаба воқеа жойларига чиқиб, 88 та жиноятнинг «иссиқ изи»да очилишини таъминладилар.
Айни пайтда бўлинма тасарруфидаги 39 та хизмат ити «Из қидирув», «Гиёҳвандлик воситаларини аниқлаш» ва «Портловчи моддаларни топиш» каби махсус йўналишлар бўйича мунтазам тайёргарликдан ўтказилмоқда.
Соҳада хизмат итларини тайёрлаш ҳамда кинологларнинг касбий маҳоратини ошириш борасидаги ишлар Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори талаблари асосида йўлга қўйилган. Бугунги кунда питомникда барча замонавий талабларга жавоб берадиган вольерлар мажмуаси, изолятор, аптека, туғуруқхона, махсус ошхона ҳамда машғулотлар ва кўргазмали чиқишлар учун майдонлар мавжуд. Шунингдек, ЙПХ масканларида тегишли меъёрий ҳужжатлар асосида «Кичик кинология марказлари» фаолияти ташкил этилган.
Яратилган бундай шароитлар ва соҳавий хизматлар билан яқин ҳамкорлик кинологлар ҳамда хизмат итларининг тайёргарлик даражасини ошириб, жиноятчиликка қарши самарали курашиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Зокир Нормуродов, Қашқадарё вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ Кинология бўлинмаси бошлиғи, подполковник
