Навоий вилоятида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди
2026-09-30 11:35:00 / Янгиликлар

ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳамда Навоий вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан вилоятда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл инфратузилмасини яхшилаш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Йиғилишда вилоятда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда йўл қўйилаётган камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш ҳамда ЙТҲларнинг олдини олиш бўйича келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шунингдек, мавжуд куч ва воситалардан самарали фойдаланиш, йўл инфратузилмасини яхшилаш, экологик стикерлар, йўловчи ташиш фаолияти, мопед ва скутерлар ҳаракати, диагностика марказлари фаолияти билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Навбаҳор тумани ҳудудидан ўтувчи D-191 автомобиль йўлининг 12–13-километрлари оралиғида ўрнатилган қоидабузарликларни аниқловчи янги қурилма фаолияти ҳам ўрганилди.
Мазкур қурилма қувиб ўтиш, қарама-қарши ҳаракатланиш ва тезлик билан боғлиқ қоидабузарликларни аниқлаш орқали ушбу турдаги ЙТҲларнинг олдини олишга хизмат қилиши таъкидланди.
Кармана туманидаги М-37 автомобиль йўли “Гули“ савдо мажмуаси яқинида ҳайдовчиларнинг ҳушёрлигини ошириш мақсадида ўрнатилган монитор орқали профилактик роликларни намойиш этиш ишлари ҳам кўздан кечирилди.
Шунингдек, Навоий шаҳрининг “Навоий“ кўчасида йўлларни таъмирлаш, асфальт ётқизиш ва ободонлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилди.
ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ахборот хизмати









