Жамоат хавфсизлиги соҳасида таълим ва амалиёт уйғунлиги мустаҳкамланмоқда
2026-09-30 10:55:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил-26 августдаги ПҚ-302-сон қарори билан жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида замонавий билим ва юксак амалий кўникмаларга эга профессионал кадрларни тайёрлаш, таълим жараёнини соҳанинг реал эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этиш мақсадида ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти мутахассислари ҳамда Жамоат хавфсизлиги университети профессор-ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида ўқув жараёнини ички ишлар органларининг амалий фаолияти билан янада яқинлаштириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишларида кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, ўқув дастурларини амалиётдаги эҳтиёжлар асосида такомиллаштириш ҳамда профессор-ўқитувчилар ва соҳавий мутахассислар ўртасида доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот якунида таълим, илм-фан ва амалиёт интеграциясини кучайтириш, бўлажак мутахассисларнинг касбий тайёргарлигини замонавий талаблар асосида ташкил этиш ҳамда белгиланган вазифаларни ҳамкорликда амалга ошириш бўйича келгусидаги чора-тадбирлар белгилаб олинди.
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ахборот хизмати



