Сафар таассуроти. Корея тажрибаси: замонавий ёндашув асосида
2026-09-30 08:05:00 / Янгиликлар

Корея Миллий суд-экспертиза хизмати томонидан Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикаси ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази ходимларининг салоҳиятини ошириш» лойиҳаси доирасида ташкил этилган ўқув курсида ИИВ Эксперт-криминалистика бўлинмаларининг 15 нафар ходими қаторида мен ҳам иштирок этдим.
Вонжу шаҳридаги Корея Миллий суд-экспертиза хизматида бўлиб суд-экспертизасининг бугунги ҳолати, ривожланиш истиқболлари, ташкилотнинг маъмурий тузилиши ва устувор йўналишлари ҳақида маърузалар тингладик. Бу ерда илм-фан экспертизаси, ДНК, токсикология, озиқ-овқат маҳсулотларини текшириш, кимёвий таҳлил, рақамли экспертиза ва йўл-транспорт ҳодисалари экспертизаси каби йўналишларнинг бир тизимда ривожлантирилаётгани бизда катта таассурот қолдирди. Назарий машғулотлар амалий экскурсиялар билан уйғун ташкил этилди.
ДНК орқали шахсни идентификация қилиш имкониятларига доир машғулотлар жуда қизиқарли бўлди. Дарсларда ДНК таҳлилининг ривожланиш босқичлари, таҳлил маркерлари, намуналарни олиш тартиби, қариндошликни аниқлаш, номаълум жасадларни идентификация қилиш ҳамда ДНК маълумотлар базасидан фойдаланиш бўйича илғор тажрибалар кўрсатилди.
Яна бир энг долзарб йўналишлардан бири рақамли далилларни йиғиш, сақлаш ва таҳлил қилиш, видео ва аудиоёзувларни ўрганиш, уларни сертификатлаш жараёнлари билан танишдик. Айниқса, сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бўйича тадқиқотлар, овоз орқали содир этилган жиноятларни аниқлаш, видео ва тасвирлар сифатини ошириш каби замонавий усуллар бўйича қимматли маълумотларга эга бўлдик. Жараёнда Cellebrite, GrayShift ва MSAB каби махсус дастурий воситалардан фойдаланиш амалиёти билан танишиб, касбий билимларимиз бойиди.
Ўқув курси якунида Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари экспертизасини ривожлантириш, рақамли криминалистика имкониятларини кенгайтириш ҳамда ҳодиса жойларини кўздан кечириш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Тақдимотлар Корея Миллий суд-экспертиза хизмати ва (KOICA) мутахассислари томонидан юқори баҳоланиб, таҳлил ва келгусидаги ҳамкорлик дастурига киритиш учун қабул қилинди.
Корея тажрибасидан келиб чиқиб, хусусан, Sridge — бармоқ излари тасвирини сунъий интеллект асосида яхшилаш, K-VOM — овозли фирибгарликни ҳамда «Argos» дипфейк технологияларини аниқлаш имконини берувчи дастурларни фаолиятимизда татбиқ этиш, ҳамкасбларимиз билан баҳам кўриш имконияти мазкур халқаро лойиҳанинг энг муҳим жиҳати бўлди.
Алёна ЖУМАЕВА, Жиззах вилояти ИИБ Эксперт-криминалистика маркази бош эксперти, подполковник.
